ЎзА Ўзбек

06.06.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонадаги «Ақлли мактаб»ларда ўқувчилар билимини сунъий интеллект баҳоламоқда

Фарғонадаги «Ақлли мактаб»ларда ўқувчилар билимини сунъий интеллект баҳоламоқда

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов вазирлик ташаббуси билан Фарғона шаҳридаги 10 та мактабда жорий этилган «Ақлли мактаб» дастурий таъминоти бўйича амалга оширилган ишлар билан бевосита танишиш мақсадида Фарғона шаҳрининг 13-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрди.

«Ақлли мактаб» дастури Ўзбекистондаги маҳаллий мутахассислар томонидан, жумладан “Mustafo Software” МЧЖ билан Урганч давлат университети, Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали олим ва профессорлари ҳамкорликда ишлаб чиқилган. «Ақлли мактаб» дастури мактаблардаги таълим сифатининг самарадорлиги, ўқитувчиларнинг баҳолаш тизимини шаффофлиги ва бошқа бир қанча кўрсаткичларни сунъий тафаккур ёрдамида таҳлил қилиш имконини беради.

Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов мамлакатимизда таълим сифатини юқори даражага кўтариш, таълим тизимига юқори ахборот технологиялари, хусусан сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш орқали юқори босқичга кўтариш бугунги кунда энг муҳим вазифалардан эканлигини, мактаблардаги ўқувчиларни интеллектуал ва жисмоний ривожланишини таъминлаш, уларни келажакда ўз қобилиятларидан тўлиқ фойдалана олишларига ҳамда жамиятда ўз ўринларини топишга замин яратишини таъкидлади.

— «Ақлли мактаб» дастури жорий этилган Фарғона шаҳрининг 10 та мактабида ўзлаштирилиши қийин бўлган мавзулар фанлар кесимида аниқланмоқда, — дейди мактаб директори Эркиной Ғаниева. — Мазкур таҳлиллар мактабларда фанларнинг тўлиқ ва сифатли ўзлаштирилишни таъминлайди. Айнан қийин ўзлаштирилаётган мавзулар бўйича тизимли чоралар кўрилиши, дарсларда нофаол бўлган ва ўзлаштириши паст ўқувчиларни индивидуал тарзда аниқлаб бериши натижасида ҳар бир ўқувчи билан самарали ишлар ташкил қилиняпти. Ота-оналарни фарзандининг ўзлаштиришидаги ўзгаришлар тўғрисида мобил иловада гистограмма шаклида мунтазам равишда хабардор қилиш ҳамда мунтазам дарс қолдираётган ўқувчиларни аниқлаш ва унинг сабабларини топишда ўқитувчи ва ота-оналарга маслаҳатлар бера олиш имкониятлари мавжуд.

«Ақлли мактаб» дастурига Фарғона шаҳрида танланган

10 та мактабдаги 969 нафар ўқитувчи ва 18833 нафар ўқувчи киритилган бўлиб, шундан 135 нафар ўқитувчи ва 2578 нафар ўқувчи 13-мактабга тўғри келади.

Шунингдек, Фарғона шаҳри Халқ таълимининг Таълим сифати мониторинги ва аттестация бўлими бошлиғи Ғуломжон Ортиқов «Ақлли мактаб» дастурининг таҳлилий маълумотлари асосида таълим сифатини назорат қилиш ҳамда дастурий таъминот таълим сифатини янада ошириш имкониятларини кенгайтириши тўғрисида ўз фикрларини баён этди. “Ушбу дастур «мактаб — ўқувчи — ота-она» учлигини бирлаштиради. Бундан ташқари, онлайн дарслар бўйича ўқитувчилар ўқувчиларни масофадан туриб баҳолашлари ҳамда дастурнинг таҳлилий маълумотлари асосида таълим сифатини назорат қилиш имкониятлари мавжуд”, — деди у.

Ақлли мактаб дастури мактабларда иш жараёнларини, жумладан юритиладиган журнал ва кундалик ҳужжатларини электрон шаклда юритиш ва онлайн таҳлил қилиб бориш учун яратилган дастурий таъминот бўлиб, мактаб директори, директор ўринбосари, ўқитувчилар ва бошқа ишчи ходимлар ишларини автоматлаштириш учун хизмат қилади. Тизим Сунъий тафаккур тизимларини (Ассоциатив қоидалар асосида излаш, вақтли қаторларни башоратлаш) қўллаган холда таълим тизимида ўқувчиларни билим салоҳиятини ва жисмоний ривожланишини онлайн таҳлилини амалга ошириб боради.

photo_2020-06-06_15-43-23.jpg

Электрон журнал, электрон кундалик, ота–она билан онлайн маълумот алмашиш, имтиҳонлар жадвали ва натижаларини онлайн кўриб бориш имкони, онлайн дарс жадвали ўқувчиларни дарсларга тўлиқ қатнашиши ва ўзлаштириш самарадорлигини янада оширишга ёрдам беради.

Болани ёшига қараб жисмоний ривожланиши ва жисмоний тайёргарликларини таҳлил қилиб боради ва бола меъёрларга кўра қила олиши лозим бўлган жисмоний машқларни ва бола саломатлигини таъминлаш бўйича машқларни маслаҳат тариқасида бера олади.

Ўқитувчиларга ўқувчиларни электрон журналда баҳолаб бориши ва ота-оналарга электрон кундаликларни кўриб бориши учун янада қулайлик яратиш мақсадида «Ақлли мактаб» дастури мобил иловаси ҳам муваффақиятли ишлаб келмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда «Ақлли мактаб» дастурига онлайн видео дарслардан ва таълим тизимига керакли электрон маълумотлардан фойдаланиш мақсадида интернетда мавжуд гуруҳ ва каналларни интеграция қилиш имконияти ҳам яратилган.

Бугунги кунда «Ақлли мактаб» лойиҳасини самарадорлигини ошириш ва ундан сифатли фойдаланиш мақсадида 10 та мактабларнинг барча раҳбар ва педагог ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари доимий равишда «Ақлли мактаб» телеграм гуруҳи орқали олиб борилмоқда.

15 725
ЎзА