ЎзА Ўзбек

14.03.2018 12:30 Чоп этиш версияси

Ерусти аналог телевидениесини ўчириш ишлари бошланди

Ерусти аналог телевидениесини ўчириш ишлари бошланди
Пойтахтимизда Радиочастоталар бўйича Республика кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгашнинг 2017 йилдаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилинди, 2018 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқ, Радиочастоталар бўйича Республика кенгаши томонидан юртимиз радиочастота ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ва радиочастота спектрини тақсимлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтишга доир Давлат дастурига мувофиқ, олис ва аҳоли сийрак туманларда кам қувватли рақамли передатчикларни ўрнатишнинг иккинчи босқичи частоталарини режалаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Ерусти аналог телевидениесини босқичма-босқич тугатиш бўйича тасдиқланган жадвалга кўра, 2018 йилнинг 15 январидан ерусти аналог телевидениесини ўчириш ишлари бошлаб юборилди.

Учрашувда, шунингдек, уяли алоқа операторлари ўртасида 900/1800 мегагерц диапазонида радиочастота полосаларини қайта тақсимлаш ҳақида сўз юритилди. Бу мақсадга йўналтирилган қарор 2017 йилда радиочастота спектридан тенг фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уяли радиоалоқа стандартлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида қабул қилинган.

2017 йилдаги радиочастота органлари фаолияти якунлари муҳокамасида жисмоний ва юридик шахсларнинг радиочастоталарни ажратиш, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали мосламалардан фойдаланишга оид талабномаларини кўриб чиқиш бўйича ўрнатилган тартиб ва муддатларга риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда Радиочастоталар бўйича Республика кенгашининг 2018 йилдаги иш режаси тасдиқланди, бу йўналишдаги устувор вазифалар белгиланди.

Роман Бондарчук, ЎзА мухбири
11 041