ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Эронлик ҳамкорлар Навоийда илмий-тадқиқот маркази очади

Эронлик ҳамкорлар Навоийда илмий-тадқиқот маркази очади

Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов қабулида бўлган Эрон Ислом Республикаси ишбилармонлари Кармана туманида янги қўшма корхона ташкил этиш бўйича тегишли ҳужжатларни имзолади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қишлоқ хўжалигида сабзавот, полиз ҳамда боғдорчиликда ўзига хос тажрибага эга бўлган йирик компания вакиллари вилоятнинг иқлим ва тупроқ имкониятларидан унумли фойдаланиш ҳамда соҳада янги кўникма ҳамда амалиётни жорий этиш мақсадида эканини таъкидлади. 

Эрон3.jpg

Қарийб 20 йилдан буён Эрондаги нуфузли олий таълим муассасаларида қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот олиб бораётган доктор Қосим Саййид Муҳаммад Али бошчилигида “Ниҳол густар Навоий” қўшма корхонаси ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида келгусида нафақат ниҳол етказиб бериш, балки барча соҳа вакиллари учун илмий-тадқиқот ва турли селекция ишларини олиб бориш бўйича алоҳида марказ ташкил этиш ҳам режалаштирилган. 

Эрон4.jpg

– Эрон ҳамда Ўзбекистон замини ва иқлим шароити бир-бирига ўхшашлиги бизнинг келгусидаги амалий, илмий ва назарий изланишларимизни янги босқичга олиб чиқишда қўл келади, – дейди доктор Қосим Саййид Муҳаммад Али. – Бундан ташқари Ўзбекистоннинг унумдор ва серҳосил ерларидан кам меҳнат сарфлаб, кўп ҳосил олиш мумкин. Биз яқин келажакда Навоий вилоятида юқори малака ва тажрибага эга бўлган мутахассислар фаолият олиб борадиган илмий марказ ташкил этамиз ва эришган ютуқларимизни бутун Ўзбекистонга оммалаштирамиз.

13 998
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА