ЎзА Ўзбек

05.03.2020 Чоп этиш версияси

Энергетика соҳаси илғор хорижий тажриба асосида ривожлантирилади

Энергетика соҳаси илғор хорижий тажриба асосида ривожлантирилади

Тошкентда 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг йирик инвестори – “ACWA Power” компанияси ўртасида умумий қиймати 2 миллиард долларга тенг учта битим имзоланди. Мазкур келишувлар мамлакатимиз энергетика соҳаси ривожига, жумладан, энергия хавфсизлиги масалаларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Инфратузилмани ривожлантириш иқтисодий тараққиётни таъминлайдиган муҳим омилдир. Ўзбекистон ҳам энергетика соҳасида ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун илғор халқаро тажрибани ўрганишга, бу борада жаҳонда ўз ўрнига эга тузилмалар билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Бошқача айтганда, синовдан ўтган хорижий тажрибадан андоза олиб, ривожланиш кўзда тутилган.

– Халқаро шерик сифатида “ACWA Power”ни танлашимиз бежиз эмас, чунки бу компания самарали фаолият кўрсаткичларига эга, – деди энергетика вазири Алишер Султонов. – Саудия Арабистони энергетиклари билан ҳамкорлигимиз Ўзбекистонда давом этаётган ижобий ўзгаришлар жараёнида муҳим ўрин эгаллайдиган хусусий секторнинг фаол иштирокини молиялаштириш имконини беради.

Дастлабки битимга мувофиқ, томонлар 25 йиллик электр энергияси хариди тўғрисидаги келишувга эришди. Шунингдек, 1500 МВт қувватга эга буғ-газ турбинали электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш, қуриш ва ишга тушириш учун жами 1,2 миллиард долларлик инвестиция шартномаси ҳам имзоланди.

Янги буғ-газ қурилмасини Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида қуриш режалаштирилган. Келишувга мувофиқ, ушбу инвестициявий лойиҳада «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ягона харидор сифатида иштирок этади. Самарадорлик кўрсаткичи 60 фоиздан ортадиган мазкур станция ишга туширилгач, электр энергия ишлаб чиқаришга сарфланадиган табиий газ одатдагига қараганда қарийб икки баравар кўпроқ тежалади.

Навбатдаги келишув орқали 500-1000 МВт энергия қувватига эга шамол электр станцияси қурилиши амалга оширилади. Қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш бўйича имзоланган ушбу шартномага асосан “ACWA Power” компанияси Ўзбекистонда 500-1000 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуради.

Сўнгги ҳужжат мутахассисларнинг техник кўникмаларини оширишга йўналтирилган ўқув марказини ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандумидир. Мазкур битимга кўра, “ACWA Power” компанияси “Air Products & Chemicals” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда коммунал ва кимё технологияси соҳалари мутахассислари техник кўникмасини ошириш бўйича ўқув дастурларини тақдим этади.

– Мавжуд тажрибадан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда энергетика соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз, – деди “ACWA Power” компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян. – Сабаби, ривожланиб бораётган ҳамкорлигимиз ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилади. Шунингдек, биз Ўзбекистон Президенти ва Саудия Арабистони Қироли ҳамда Валиаҳди томонидан халқларимизни янада яқинлаштириш мақсадида илгари сурилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш имкони яратилганидан мамнунмиз. Ҳамкорлигимиз ривожланиш учун янги имкониятлар яратади, тарихи ва келажаги буюк халқингиз учун барқарор келажак яратишга ёрдам беради, деган умиддамиз.

Энергетика соҳасида Саудия Арабистони билан ҳамкорликда амалга оширилаётган янги лойиҳалар Ўзбекистон тараққиётида тарихий босқич ҳисобланади. Зеро, бу саъй-ҳаракатлар муқобил энергия манбалари орқали энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлидаги амалиётни қўллаб-қувватлайди. “ACWA Power”нинг ақлли, энергия тежайдиган технологиялари мамлакатимиз энергетика соҳасига 2000 МВт дан зиёд қўшимча қувват тақдим этади ва мамлакатимизда барқарор, хавфсиз ҳамда арзон энергия экотизимини яратиш имконини беради.

Қолаверса, хорижий шериклар билан эришилаётган янгидан-янги келишувлар Ўзбекистоннинг глобал энергия бозоридаги роли тобора ортиб, мамлакатимизнинг энергия хавфсизлиги ва энг замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётганидан, шунингдек, Ўзбекистон чет эл инвесторлари учун жозибадор масканга айланаётганидан дарак беради.


9 180
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА