ЎзА Ўзбек

01.02.2013 17:08 Чоп этиш версияси

Электрон қабулхона – тадбиркорга кўмак

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Олий хўжалик суди ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектлари билан хўжалик судлари ўртасида электрон ҳужжат айланишини янада кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Иқтисодиёт, Адлия вазирликлари, Марказий банк, Олий хўжалик суди, Савдо-саноат палатаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси М.Тешабоев, Олий хўжалик суди раиси ўринбосари Ш.Саидов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити шакллангани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кенг қўллаб-қувватланаётгани самарасида иқтисодиётимиз барқарор ривожланаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июлда қабул қилинган “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги кафолатларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.

2013 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш, “Интернет-банкинг” тизими орқали солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш, юкларни божхонада расмийлаштириш, юридик шахсларнинг кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқларини “ягона ойна” тамойили бўйича рўйхатга олиш, даъво аризалари ва илтимосномаларни хўжалик судларига бериш каби тартиб-таомилларни электрон шаклда амалга ошириш учун шароитлар яратилди.

2014 йилнинг охирига қадар барча тадбиркорлик субъектлари статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига тўлиқ ўтади. Бу тадбиркорларнинг вақти ва маблағини тежаш билан бирга, ортиқча бюрократик тўсиқларнинг олдини олади.

Жорий йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида шикоят аризалар ва илтимосномаларни қабул қилиш бўйича марказлашган дастур жорий этилгани тадбиркорлар учун катта қулайлик бўлди. Олий хўжалик суди расмий сайтида жойлаштирилган “Электрон қабулхона” тизимида ҳужжатлар электрон шаклда қабул қилинмоқда.

Тадбирда электрон ҳужжат айланиши мониторингини юритиш, бепул маслаҳатхоналар ташкил этиш, Олий хўжалик суди билан келишилган ҳолда тегишли услубий қўлланмаларни яратиш ва тарқатиш хусусида тавсиялар ишлаб чиқилди.


ЎзА, Сайёра Шоева
8 164