ЎзА Ўзбек

12.07.2019 Чоп этиш версияси

ДНК экспертизаси истиқболлари

ДНК экспертизаси истиқболлари

Оғир ва ўта оғир жиноятларни тергов қилиш, очиш ҳамда уларни содир этган шахслар қидирувида ДНК маълумотлар базасидан фойдаланиш яхши самара бермоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДНК маълумотлар базасини ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, “Геном бўйича давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги” қонун лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилди.

Жаҳон суд экспертизаси амалиётида фаннинг замонавий ютуқлари ва илғор технологияларнинг қўлланилиши турли жиноятларнинг тезкор терговини, одил судловини амалга оширишда ва фуқароларнинг ўзаро низоларини ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Бу борада ДНК экспертизаси энг истиқболли экспертиза турларидан бири деб эътироф этилган.

ДНК экспертизаси босқичма-босқич олиб бориладиган мураккаб экспертиза тури бўлиб, хусусан, биологик материаллардан ДНК молекулаларини ажратиш ва тозалаш, ДНКнинг миқдорий ва сифат таҳлилини ўтказиш, амплификация (ДНК махсус қисмларини миллион нусхагача кўпайтириш), генотиплаш ҳамда солиштирма таҳлил қилишдан иборат. ДНК таҳлили жараёнида ҳар бир индивиднинг айнан ўзига хос бўлган, ўзгартириб, қалбакилаштириб бўлмайдиган ноёб “генетик паспорти” – генотипини аниқлаш мумкин. ДНК даражасида аниқланаётган индивидуал белгилар деярли ўзгармас бўлиб, организмнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг биологик изларида ҳам ўзгармас ҳолатда сақланиб қолади. Шу боис ДНК таҳлили ёрдамида ўтказилган шахс идентификацияси қариндошликни аниқлашда энг ишонарли тадқиқотлардан бири деб эътироф этилади.

ДНК таҳлили натижасида аниқланган шахс генетик паспорти (генотипи) рақам кўринишида бўлиши ушбу маълумотларни маълум бир жойга жамлаб, ДНК маълумотлар базасини яратишга имкон беради. Генетик ахборот фуқаронинг шахсий сирини ташкил қилганлиги боис, ундан фойдаланиш шахснинг қонун томонидан ҳимояланувчи ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир кўрсатади. Шунинг учун ДНК маълумотлар базасини яратиш жараёнининг қонун миқёсида ҳуқуқий тартибга солиниши муҳим масала ҳисобланади. ДНК маълумотлар базасини шакллантиришда одам ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдирмайдиган намуна олиш усулларини қўллаш, маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланмаслик учун қонун даражасида фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни талаб қилади.

Ҳозирги кунда ДНК маълумотлар базасининг қонуний асоси 44 давлатда қабул қилинган. Бу қонунларнинг барчасида фуқаронинг хавфсизлиги, маълумотлар махфийлиги, айбсизликнинг дахлсизлиги, соғлиқ ва эркинлик ҳуқуқи, энг асосийси, маълумотлар хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор берилган.

Биринчи бор 1995 йилда Буюк Британияда давлат генетик рўйхатидан ўтказиш ҳақида меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган ва ДНК маълумотлар базаси яратилган. Ҳозирги кунга келиб Буюк Британия полицияси мамлакат аҳолисининг 9 фоизига тегишли генетик ахборот ҳақида маълумотга эга. Дастлаб ДНК базасига фақатгина қонунни четлаб ўтган 263000 шахс генотиплари киритилган эди. Мамлакат криминалистларининг маълумотларига кўра, ДНК базаси ҳозирги кунда содир этилган оғир турдаги жиноятларнинг ҳар тўртасидан биттасининг қисқа вақт давомида очилишига имкон бермоқда.

2006 йилда Буюк Британияда полиция ва тезкор қидирув тўғрисидаги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши ДНК базасига нафақат оғир жиноят содир этган, балки жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчи шахслар, қидирувда бўлган жиноятчиларнинг оила аъзолари, маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларнинг ҳам генотиплари киритилишини белгилаб қўйди. Мамлакат полициясининг ҳисоботига кўра, бунинг натижасида бир йил ичида 88 та қотиллик ва 45 та қотиллик билан боғлиқ суиқасдлар, 178 та жинсий жиноятларнинг тезкор ва самарали тергови амалга оширилди. Шунингдек, талончилик, автоуловларни олиб қочиш, босқинчилик билан боғлиқ жиноятларнинг 90 фоизи ДНК базалари орқали очилган.

ДНК маълумотлар базасини яратиш бўйича турли концепциялар мавжуд. Исландиядан бошқа ҳеч қайси мамлакатда бутун аҳолининг генетик рўйхатга олиниши белгилаб қўйилмаган. Чунки мазкур жараён катта моддий маблағни талаб этишидан ташқари, миллий қонунчиликдаги маълум бир қарама-қаршиликлар билан ҳам изоҳланади. Масалан, кўпгина Европа мамлакатларида фуқаронинг розилигисиз ДНК таҳлили учун намуна олиш тақиқланган. Бунинг учун прокурорнинг рухсати зарурлиги белгилаб қўйилган. Шу боис тезкор қидирув жараёнида гумон қилинувчи шахснинг биологик материал изи тушган предмет олиниб, ДНКси аниқланиб, дастлабки солиштирма тадқиқот ўтказиш амалиёти қўлланилади.

Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада, Австралия, Осиё давлатларида генетик маълумотлар базаларини ташкил этиш, тўплаш ва назорат қилишга ёндашувлар турлича бўлишига қарамасдан, уларнинг негизлари ўхшашдир. Ушбу базаларни тўплаш қуйидаги уч манба асосида амалга оширилади:

а) генетик маълумотлар базасига ўта оғир жиноятларни ва бошқа жиноятларни содир этган шахсларни киритиш. Биринчи ўринда, маълумотлар базаси рўйхатига шахсга қарши содир этилган жиноятлар ва жинсий жиноятлар учун ҳукм этилган шахсларни киритиш;

б) генетик маълумотлар базасига соҳаси ҳаётий хавф-хатар билан боғлиқ бўлган шахслар: ҳарбийлар, қутқарув хизмати ишчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда соғлиғи ёки ёшининг ҳолатига қараб ўзи ҳақида маълумот бериш имкониятига эга бўлмаган шахсларни киритиш;

в) жиноий суд ижрочилигига жалб этилмаган, ўз хоҳишига кўра биологик намуналарни топширишга рози бўлган аҳолининг генетик материалларини йиғиш.

Баъзи бир мамлакатларда маълумотлар базасига мамлакатга қочоқ мавқеини олиш мақсадида келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда террористик ҳаракатлар натижасида ёки жиноят содир этилган жойдан топилган шахси аниқланмаган мурдалар ва уларнинг бўлаклари бўйича ўтказилган экспертиза натижалари ҳам киритилган. Шунингдек, ДНК маълумотлар базасига айрим тоифадаги, хусусан, потенциал жиҳатдан жиноятларни содир этишга мойиллиги бўлган шахсларнинг генетик паспортларини киритиш амалиёти мавжуд.

Ўзбекистонда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида “DNA expert” автоматлаштирилган дастурий комплексидан иборатДНК маълумотлар базаси 2006 йилда ишлаб чиқилган. Мазкур базага ҳозирги кунда 40000 та генотип киритилган бўлиб, улар бир неча туркумлар бўйи­ча тақсимланган.

Охирги беш йил ичида бу база ёрдамида нафақат мамлакатимизда, балки яқин хорижий давлатларда шахсга қарши оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган ўта хавфли жиноятчиларнинг шахси аниқланган. Бундан ташқари, халқаро ҳуқуқий ёрдам доирасида чет эл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан келиб тушган сўровномалар бўйича ДНК маълумотлар базасида мавжуд бўлган генетик паспортлар билан қиёсий солиштирма таҳлиллар ўтказилиб, турли жиноятларга тааллуқлилиги бўйича маълумот олиш имконияти мавжуд. Лаборатория базасида жинсий жиноятлар содир этилган жойлардан топилган ўндан ортиқ номаълум шахс­лар томонидан қолдирилган излар ҳамда таниб бўлмас ҳолатга келган шахслар суяк қолдиқлари генотиплари сақланмоқда.

Ҳозирги кунда лаборатория маълумотлар базаси кўплаб оғир жиноятлар бўйича тайинланган қўшимча экспертизаларни ўтказишда ўз самарасини бермоқда. 2001 йилда Денов шаҳрида беш нафар шахс (улар ичида уч нафари вояга етмаган)нинг ҳаётига қасд этган номаълум шахснинг айнан шу база орқали топилганлигини бунга мисол қилиб келтирсак бўлади.

2012–2014 йилларда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази томонидан “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасини ҳукумат даражасида муҳокамадан ўтказиш жараёнида ДНК маълумотлари ҳимоясини таъминлаш масаласини ҳал этишда камчиликлар мавжуд бўлганлиги ва бошқа сабаб­ларга кўра жара±н вақтинчалик тўхтатилган эди.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббусига кўра, “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси илгари йўл қўйилган камчиликларни инобатга олган ҳолда, қайта ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекис­тон Республикасида фуқароларнинг айрим тоифалари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг геном бўйича давлат рўйхатига олиниши ва шахсни идентификация қилиш мақсадида биологик материални олиш, сақлаш ва ундан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари, принциплари ва турлари белгиланган. Геном бўйича давлат рўйхатига олувчи ва ундан фойдаланувчи объектлар ҳамда субъектлар аниқ белгилаб олинган.

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасида барча шахси аниқланмаган мурдалар, жиноят содир этилган жойда топилган биологик излар, бедарак йўқолган шахслар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликлари учун ҳукм қилинган шахсларнинг геном бўйича миллий маълумотлар базасини ташкил этиши кўзда тутилган. Бу, биринчи навбатда, қотиллик, номусга тегиш, террористик актлар каби жиноятларни очишга, шунингдек, шахси аниқланмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаш бўйича ишлар самарадорлигининг сезиларли ошишига имкон беради.

Геном бўйича давлат рўйхатига олишнинг амалга оширилиши жиноятларни содир этишга мойиллиги бўлган шахсларни тийиб турувчи омил бўлиб, шу маънода профилактик аҳамият ҳам касб этади, мамлакатимиздаги криминоген вазиятга ижобий таъсир кўрсатиб, халқимиз манфаатлари учун хизмат қилади.

Дилобар АҲМЕДОВА,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертизаси маркази лаборатория мудири

Манба: “Postda” газетаси

20 293
ЎзА