ЎзА Ўзбек

19.12.2012 20:27 Чоп этиш версияси

Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилар – қонун ҳимоясида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майдаги “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида” ва 2001 йил 12 майда қабул қилинган “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари ижроси юзасидан Интеллектуал мулк агентлигининг ахбороти тингланди.

Айни пайтда микроэлектроника ва компьютер дастурларини ишлаб чиқариш инновацион иқтисодиётнинг муҳим соҳалари ҳисобланади. Уларнинг яратилиши мураккаб технологик жараён бўлиб, унинг ҳар бир босқичи ишлаб чиқувчидан ижодий ёндашувни талаб қилади. Бу борадаги ижодий фаолият натижалари эса халқаро патент қонунлари билан ҳимоя қилинади. Аммо, ушбу соҳадаги барча объектларни анъанавий ҳуқуқий воситалар ёрдамида ҳимоя қилиш имкони йўқ. Ўз хусусиятига кўра махсус қонунлар қабул қилинишини талаб этадиган интеграл микросхемалар топологияси, электрон ҳисоблаш машиналари ва маълумотлар базаси учун дастурлар шулар жумласидандир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев ва бошқалар мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларида “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини таъкидлади. Ушбу ҳужжат норма ва талабларини амалга ошириш орқали ижодий фаолият натижаларининг яратилиши ва кейинчалик улардан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатлар тартибга солинмоқда.

Интеллектуал мулк агентлигига 2007-2012 йилларда дастурий маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида жами 1640 та ариза келиб тушган. Уларнинг 930 таси юридик шахслар – асосан олий ўқув юртлари, илмий-техника соҳаси ташкилотлари, фирмалар, 710 таси жисмоний шахслар улушига тўғри келади. Таҳлил этилаётган даврда агентлик томонидан рўйхатдан ўтказилган 1613 дастурий маҳсулотнинг 1419 таси электрон ҳисоблаш машиналари ва 184 таси маълумотлар базаларига тааллуқлидир. Ушбу дастурий маҳсулотлар таълим, тиббиёт, ахборот технологиялари ва телекоммуникация соҳалари учун мўлжалланган бўлиб, улардан технологик жараёнлар ва интеллектуал тизимларни автоматлаштириш, бухгалтерлик ҳисоби, банк иши ҳамда бошқа соҳаларда фойдаланилади.

Интеллектуал мулк агентлиги томонидан дастурий маҳсулотларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасидаги билимларни тарғиб этиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Тегишли давлат органлари, таълим муассасаларида семинарлар, учрашувлар ўтказилмоқда. 2012 йил давомида мамлакатимизнинг турли корхона, ташкилот, компания ва фирмаларининг юз нафардан ортиқ мутахассиси “Интеллектуал мулк асослари” малака ошириш курсларида ўқиди.


ЎзА, Сардор Тожиев
8 093