ЎзА Ўзбек

28.11.2012 11:44 Чоп этиш версияси

Дастурий маҳсулотлар бозори ривожланмоқда

Миллий матбуот марказида “Ўзбекистоннинг дастурий маҳсулотлар бозори: ривожланиш ва истиқболлар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлари уюшмаси, “Unicon.uz” давлат унитар корхонаси ва мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий юксалтириш ва жаҳон ахборот маконига интеграциялаштиришга кўмаклашадиган стратегик йўналишлардан биридир. Бугун Ўзбекистоннинг дастурий маҳсулотлар бозори жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Буни қуйидагилар ҳам тасдиқлайди: агар 2005 йилда дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган компаниялар сони қарийб 100 тани ташкил этган бўлса, 2012 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, улар 238 тага етди.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги маълумотларига кўра, 2012 йилнинг 9 ойида 208 дастурий маҳсулот, ЭҲМ учун 194 дастур ва 14 маълумотлар базаси рўйхатга олинган.

Ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлари уюшмаси ижрочи директори Илҳом Абдуллаевнинг айтишича, соҳа кўрсаткичларининг жадал ўсиши кўп жиҳатдан IT-технологиялар бозорида фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг мунтазам қўллаб-қувватланаётгани билан боғлиқ. Жумладан, Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2012-2014 йилларда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг Миллий ахборот-коммуникация тизимига интеграциялаштириладиган 32 ахборот тизимини яратиш ҳамда жорий этиш кўзда тутилган. Бунинг учун “Unicon.uz” давлат унитар корхонаси ҳузурида дастурий маҳсулотлар экспертизаси бўлими ташкил қилинди.

Бу борада мутахассисларни тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш марказида 2012 йилнинг 9 ойида турли дастурлаш йўналишлари бўйича 600 нафардан зиёд тингловчи ўқитилди. Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Ҳиндистон ахборот технологиялари марказида ташкил этилган ўқув курсларида эса қарийб 60 нафар тингловчи билим олди.

Ҳар йили IT-технологиялар соҳасида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантириш ва унинг ютуқларига бўлган қизиқишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда АКТ ҳафталиги ўтказиб келинмоқда. Ҳафталик доирасида мамлакатимиз дастурчиларининг форуми, “Bestsoft – Uzbekistan” дастурий маҳсулотлар кўргазмаси, мавзуга оид кўплаб семинарлар ва “IT-мутахассисларининг ютуқлари куни” ташкил этилмоқда.

Тадбирда дастурий воситалар ва ахборот тизимлари учун давлат буюртмаларини шакллантириш, 2013-2017 йилларда миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш бўйича комплекс дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш истиқболли режалар сифатида қайд этилди.

Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз дастурий маҳсулотлари ва ахборот тизимларини ишлаб чиқиш учун буюртмалар ҳажмини кўпайтириш, дастурий таъминотни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида фаол жорий қилинишининг очиқ тизимини шакллантириш имконини беради.


ЎзА, М.Маметова
9 909