ЎзА Ўзбек

11.01.2013 20:00 Чоп этиш версияси

Дастурий маҳсулотлар бозори кенгаймоқда

Бугунги иқтисодиётни ривожлантириш суръатлари ишлаб чиқарилаётган ҳар қандай маҳсулотнинг сифати ва самарадорлигига эришиш борасида ўз талабларини қўймоқда. Ишлаб чиқариш жараёнлари ва ташкилотларда ҳужжат айланишини автоматлаштириш ҳамда тизимлаштириш, сарф-харажатларни камайтириш, белгиланган вазифаларни бажаришни тезлаштириш имконини берадиган IT-технологиялар ушбу жараёнда муҳим аҳамият касб этади. Бу софтвер компанияларга кенг доирадаги истеъмолчилар учун мўлжалланган универсал маҳсулотларни яратиш имконини бермоқда. Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ҳам бундан мустасно эмас.

Ўзбекистонда дастурий маҳсулотлар бозори жадал ривожланмоқда. Бунга ишлаб чиқарувчиларни кенг кўламда қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш бўйича яратилган қонунчилик базаси туфайли эришилмоқда. Натижада, телекоммуникация инфратузилмасини, мобиль алоқа ва бошқа хай-тек маҳсулотларини ривожлантиришга қаратилган қатор йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир. Бошқача айтганда, мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилишнинг юқори технологияли базаси шакллантирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасидан маълум қилишларича, давлат ва тижорат тузилмаларининг мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилари билан ўзаро ҳамкорлиги ушбу маҳсулотларни кенг жорий этишда муҳим ўрин тутмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ҳамкорликни ривожлантириш, тендер савдолар ва дастурий таъминотнинг давлат харидларини амалга оширишда ошкораликни таъминлашга қаратилган. Мамлакатимизда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган компаниялар сони йил сайин кўпаймоқда, ўзимизда ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар қамрови кенгаймоқда.

Сўнгги вақтда бундай компаниялар томонидан энг янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва интеграциялаштиришга доир кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилди. Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази томонидан мамлакатимиздаги барча ахборот-кутубхона марказида ахборот кутубхоналарининг КаDaTa дастурий таъминоти техник иловаси ташкил этилди. Тошкент шаҳар урология маркази поликлиника ва стационарида бизнес-жараёнларни автоматлаштириш учун MedDATA дастурий таъминотини жорий қилиш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, ихтисослаштирилган “Sugurta DATA” дастурий таъминоти ишлаб чиқилиб, “Alskom” суғурта компаниясида синаб кўрилмоқда.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ҳуқуқий вориси бўлган Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси софтвер саноатини ривожлантиришда муҳим роль ўйнамоқда. Аввал ишга туширилган “Давлат тилидаги эркин ва очиқ дастурий таъминотни маҳаллийлаштириш” лойиҳаси доирасида “Firefox” ва “OpenOffice” дастурий маҳсулотлари ўгирилган эди. Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази кўмагида “Doppix” миллий операция тизими ишлаб чиқилди. Бу кундалик ва ўргатувчи дастурлар, офис ҳамда мультимедиа иловаларининг тўлиқ пакетини ўз ичига олган қулай интерфейсли ўзбек, рус ва инглиз тилидаги тизимдир. Катта ҳажмдаги ҳужжатлар ва кенг маълумотнома тизимига эга “Doppix” уйда ва ўқув юртларида шахсий комьютерларга ўрнатиш учун мўлжалланган. Бундан ташқари, электрон ҳужжат айланиш тизими, банк тизимлари ва электрон тўловларни, бухгалтерлик ҳисоби ҳамда меъёрий-ҳуқуқий маълумотлар базасини автоматлаштириш дастурлари, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича дастурий воситалар ҳам кенг қўлланилмоқда. Натижада, бугунги кунда давлат органларида электрон ҳужжат айланиш жараёнида фойдаланилаётган дастурий ечимларнинг 70 фоиздан ортиғини мамлакатимизда ишлаб чиқилган маҳсулотлар ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 майда қабул қилинган “Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппаратида, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ягона ҳимояланган электрон почтани ва электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиш ҳамда улардан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Unicon.uz” давлат унитар корхонаси қошидаги Электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш маркази томонидан 140 дан ортиқ давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари электрон ҳужжат айланиши ва ҳимояланган электрон почта тизимларига уланди. Улар учун махсус Е-ХАТ v.4.0 ҳимояланган электрон почта дастурининг янги тури ишлаб чиқилди, мавжуд тизим такомиллаштирилди. Е-ХАТ ҳимояланган электрон почта тизимидан фойдаланувчилар учун янги функциялар қўшилди ва қисқа электрон манзиллар ташкил қилинди. Бунинг натижасида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси илгари статистика бюллетенларини жўнатишда сарфланган қоғозларни 80 фоизгача тежаш имконига эга бўлди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимизда яратилган дастурий маҳсулотларга бўлган ишончни ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида “Unicon.uz” давлат унитар корхонаси қошида дастурий маҳсулотларни ихтиёрий сертификатлаш тизими жорий этилди, зарур меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилиб, ҳар қандай дастурий маҳсулотни белгиланган талаблар ҳамда стандартларга мувофиқ сертификатлаш имконини берувчи ташкилий-техник тадбирлар ўтказилди. Бундан ташқари, ахборот тизимларини унификация қилиш ва стандартлаштириш учун дастурий маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш бўйича механизм ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бу механизмнинг асосий вазифаси Миллий ахборот тизими доирасида жорий этилаётган ихтисослаштирилган дастурий маҳсулотларни экспертизадан ўтказишдан иборат. Бу Миллий ахборот тизимининг айрим кичик тизимлари ишларида ягона ҳамда бирхиллаштирилган ёндашувларни амалга ошириш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш учун зарурдир.

Ўзбекистон миллий дастурий маҳсулотлари ва ишлаб чиқувчилари каталоги – www.software.uz сайтида мамлакатимиз софтвер саноатидаги энг сўнгги ютуқлар билан танишиш мумкин. Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилар фаолияти, дастурлаш соҳасида хизмат кўрсатадиган миллий корхоналар манфаатларини ҳимоя қилиш, тажриба алмашиш, буюртмачилар билан фойдали муносабатларни йўлга қўйишга кўмаклашиш, хорижий мамлакатларда Ўзбекистон дастурий маҳсулотлар бозори ва ишлаб чиқувчилари ҳақида ижобий фикрни шакллантириш унинг асосий вазифаларидир.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси экспертларининг айтишича, мазкур каталог мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар бозори ва миллий ишлаб чиқувчиларни қўллаб-қувватлаш, софтвер саноатини ривожлантириш ҳамда дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш соҳасида фаолият кўрсатаётган компаниялар бизнесига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган. Каталог миллий ишлаб чиқувчилар, компаниялар, дастурий маҳсулотларни рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш, дастурлаш ҳамда истеъдодли дастурчиларни аниқлаш бўйича танловларни ўтказишга ёрдам беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 16 октябрдаги ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирларига оид фармони иқтисодиётнинг барча жабҳасида замонавий ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотлардан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт реал сектори корхоналарида ишлаб чиқаришни бошқариш бўйича энг замонавий интеграциялашган ахборот тизимларини фаол қўллашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур фармонга биноан Дастурий воситалар ва ахборот тизимлари учун давлат буюртмасини шакллантириш, 2013-2017 йилларга мўлжалланган Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимларини ишлаб чиқиш учун буюртмалар ҳажмини кўпайтириш, уларни давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида фаол жорий этиш бўйича ошкора тизимни яратиш, миллий ишлаб чиқувчиларни рағбатлантириш ҳамда юксак технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш имконини беради.


ЎзА, Меҳрибон Маметова
8 880