Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.07.2017 12:10 Чоп этиш версияси

Дастурчилар учун янги имкониятлар

Дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида мамлакатимизда ташкил этилаётган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича инновация маркази доирасида юртимиз дастурчиларига тақдим этилаётган янги имкониятлар, иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларини ривожлантириш бўйича давлатимиз амалга ошираётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил этган тадбирда “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, “Uzinfocom” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази, мамлакатимизнинг етакчи корхона ва компаниялари, АКТ соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари вакиллари, телекоммуникация технологиялари соҳаси олимлари ва мутахассислари, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Шерматов сўнгги йилларда давлат бошқарувининг барча соҳаларида замонавий АКТни жорий қилиш бўйича босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат хизматлари кўрсатиш механизмлари ахборот технологияларини ривожлантириш, "электрон ҳукумат" тизимини кенгайтириш ва амалиётга татбиқ этиш борасида салмоқли натижаларга эришиш имконини бераётганини таъкидлади. Ўзбекистонда АКТ учун дастурий таъминот маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, рақобатбардош дастурий маҳсулотлар яратишни кенгайтиришда мамлакатимиз ихтирочиларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида кўзда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш, АКТ маҳсулотларини экспортга етказиб беришни кўпайтириш мақсадида 2017 йил 30 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчиларини бирлаштирадиган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази ташкил этилади. Марказ экстерриториаллик принципи асосида фаолият юритади, яъни АКТ соҳасидаги корхоналар мамлакатимиз ҳудудида жойлашувидан қатъи назар, унинг резидентлари бўлиши мумкин. Мазкур принцип Ўзбекистонда АКТ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратади.

Хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотишга қаратилган ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича инновация марказининг асосий вазифаларидан биридир.

Инновация маркази резидентларига АКТ соҳасида рақобатдош лойиҳаларни ички ва ташқи бозорларда сотиш учун хорижий инвестицияларни жалб этишда ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари, марказ олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг «ахборот технологиялари» мутахассислиги бўйича битирувчиларини ишга жойлаштирилишини таъминлаш, шу жумладан, иқтидорли ёшлар томонидан «старт-ап» лойиҳаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этади. АКТ соҳасида фаолият юритадиган кадрлар марказ базасида қисқа муддатли ва ўрта муддатли ихтисослаштирилган курсларни ташкил этиш, шу жумладан, чет эл мутахассисларини таклиф этиш йўли билан малакасини оширади ва қайта тайёрланади.

Тадбирда Инновация маркази резидентларига кўплаб имтиёз ва преференциялар берилиши таъкидланди. Хусусан, улар 2028 йил 1 январгача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод этилади. Шунингдек, улар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўламайди (божхона йиғимларидан ташқари).

Мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган барча саволга атрофлича жавоб қайтарди.

Роман Бондарчук, ЎзА
4 473






Все о погоде - Pogoda.uz