Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

18.05.2018 07:10 Чоп этиш версияси

Бутун дунёда дастурчилар куни нишонланмоқда

Бугун жаҳонда Бутун дунё электр алоқаси ва ахборот жамияти куни (World Telekommunication and Information Society Day) кенг нишонланмоқда. Жорий йилда ушбу байрам “Сунъий интеллектдан фойдаланишда барча учун ижобий натижаларни таъминлаш” мавзусида ўтказилмоқда.

Ушбу кун - барча дастурчилар, тизим бошқарувчилари, интернет-провайдерлар, веб-дизайнерлар, интернет нашрлари муҳаррирлари ҳамда ахборот технологиялари соҳасида хизмат қилувчи барча ходимларнинг касбий байрами ҳисобланади. 2006 йилнинг 26 март куни БМТнинг Бош Ассамблеяси 17 майни Бутун дунё электр алоқаси ва ахборот жамияти куни деб эълон қилишга доир Резолюцияни қабул қилди.

Таъкидлаш жоизки, бу байрам Халқаро электр алоқаси уюшмасининг Маъмурий кенгаши сессияси қарорига кўра 1969 йилда таъсис этилган эди. Лекин ушбу кун 2006 йилга қадар Халқаро электр алоқаси ва Бутун дунё телекоммуникация куни (World Telecommunication Day) деб номланган эди. Бу ўша пайтларда замонавий ахборот технологияларининг бўлмагани, ахборот жамияти эса фақат назария ҳисоблангани билан изоҳланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу сананинг танланиши тасодиф эмас. 1865 йилнинг 17 май куни икки ярим ойлик узоқ музокаралардан сўнг, Парижда дастлабки халқаро телеграф келишуви имзоланган ва Халқаро телеграф уюшмасига асос солинган эди. 1932 йилда ушбу уюшмага Халқаро электр алоқаси уюшмаси номи берилган.

Мазкур байрам турли йилларда глобал масалаларни ҳал этишга оид ҳар хил мавзуларда ўтказилди. Хусусан, глобал киберхавфсизликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ногиронлар ўртасидаги алоқани таъминлаш, кибермаконда болаларни ҳимоя қилиш, АКТ ёрдамида қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган аҳоли ҳаётини яхшилаш, хотин-қизларни ахборот технологиялари соҳасига жалб қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишда АКТдан фойдаланиш, АКТ соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мавзуларидир.

Жорий йилда Бутун дунё электр алоқаси ва ахборот жамияти куни “Сунъий интеллектдан фойдаланишда барча учун ижобий натижаларни таъминлаш” мавзусида нишонланмоқда. Унга кўра, асосий эътибор БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда сунъий интеллект салоҳиятига қаратилади.

Роман Бондарчук, ЎзА