Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.03.2018 12:13 Чоп этиш версияси

Бухоронинг “Лочин” брендли юк мотоцикллари

Бухоронинг “Лочин” брендли юк мотоцикллари Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги “Вuxara Rеаl Моtо” масъулияти чекланган жамиятида “Lochin” бренди остида юк мотоцикллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Лойиҳа ташаббускори бино ва иншоотларда 2 миллиард сўмлик реконструкция ишларини амалга ошириб, цехлар хорижий инвестор томонидан 700 минг долларлик замонавий инновацион технологик ускуналар билан жиҳозланди. Ундаги барча технологик жараёнлар автоматлаштирилган бўлиб, компьютер асосида бошқарилади.

13.JPG 

Йиғиладиган шоссе, борт, рессор ва бошқа қисмлар корхона цехларида тайёрланмоқда.

Юк мотоциклларига мамлакатимизда, жумладан, Бухоро вилоятида ҳам талаб катта. Улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, иссиқхоналарда етиштириладиган бодиринг ва помидорларни ташишда тиркагичли техникаларга нисбатан қулайлиги, кам ёнилғи сарф қилиши ва бошқа жиҳатлари билан анча устун. 

9.JPG

Юртимизда ҳозирга қадар асосан юк мотоцикллари валюта ҳисобига хориждан олиб келинарди. Мана энди бунга ҳожат қолмайди. Улар ўрнини бир тоннагача юк кўтаришга мўлжалланган “Lochin”ларимиз эгаллайди. Бу мотоцикллар четдан харид қилинадиганлардан арзон. Хорижий валюта ҳам чўнтакда қолади. Демак, фермер ва деҳқон хўжаликлари учун жуда қулай, яъни ҳамёнбоп. Айни пайтда юк мотоцикллари юртимиз бозорларига чиқарилмоқда. 

4.JPG

Бухоро “Lochin”лари хориж бозорида рақобатбардош чиқиб қолди. Бунга корхонанинг тантанали очилиш маросимида Россия Федерацияси ишбилармонлари вакиллари ҳам иштирок этгани яққол далил. 

5.JPG

Корхона раҳбарияти лойиҳани амалга ошириш давом этаётган бир пайтда ташқи бозордаги талабни ўрганиш, яъни маркетинг ишларини ҳам бошлаб юборган эди. Корхона маҳсулотига қизиқиш билдирган Россиядаги тадбиркорлик субъекти вакиллари ҳали ўтган йилнинг охирида вилоятнинг олис чекка ҳудудларидан бири Қоровулбозор туманига келиб, 1000 та юк мотоцикли хариди бўйича шартнома тузди. Ҳадемай, умумий қиймати 1,4 миллион долларга яқин экспорт буюртмаларини бажаришга киришилади. Шунингдек, корхона ташқи бозор билан алоқаларни янги шериклар ҳисобига янада кенгайтириш ниятида. Яқин кунларда Туркманистонда бўлиб ўтадиган “Made in Uzbekictan” кўргазмаси ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. 

2.jpg

– Биз ишлаб чиқаришни босқичма-босқич маҳаллийлаштириш ҳисобига кенгайтириш чораларини кўрмоқдамиз, – дейди “Buхara Реаl Моtо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Саъдижон Ваҳобов. – Бундан ташқари, маҳсулот ассортименти рўйхатидан яқин истиқболда ёпиқ кабинали юк мотоцикллари, бошқа мотоуловлар, томорқа ерларини ўртача чуқурликда ағдарадиган ҳайдагичлар, ногиронлик аравачалари ҳам ўрин олади. Айни пайтда корхонамизда 50 дан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. Янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига улар сони 200 га етказилади. 

1.JPG

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
22 396