ЎзА Ўзбек

06.05.2015 21:06 Чоп этиш версияси

Бухорода халқаро пакетли коммутация маркази янги боғламаси ишга туширилди

Бухорода халқаро пакетли коммутация маркази янги боғламаси ишга туширилди Бухорода Халқаро пакетли коммутация маркази боғламаларини ўзаро боғлаш ва Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш учун узатиш тезлиги секундига 100 гигабит бўлган DWDM – рақамли кенг поласали узатиш тизимининг янги линияси ишга туширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Замонавий ахборот технологияларининг жадал ривожланиши шароитида “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан давлат органлари, корпоратив мижозлар ҳамда аҳолига халқаро интернетга тезкор уланишни тақдим этиш учун янги боғлама ва маълумотлар узатиш тармоқларини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

– Янги боғлама давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг “Халқаро пакетли коммутация марказини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида иш бошлади, – дейди “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг халқаро ҳамкорлик ва операторлар билан ишлаш департаменти директори Ҳабибулла Солибоев. – Объект акциядорлик компаниямиз ва Япониянинг NEC корпорацияси ҳамда Toyota Tsusho cавдо уйи билан ҳамкорликда бунёд этилди.

Бухоро шаҳрини пойтахтимиз билан боғлайдиган янги линия анъанавий рақамли кенг полосали узатиш тизимидан ҳар жиҳатдан афзалдир. Хусусан, мустақил қабул қилиш ва узатишда энг замонавий технологиялар қўлланилгани, узатиш тезлиги ҳамда сифати билан ажралиб туради.

– Бугунги ҳаётимизни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди, – дейди “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Бухоро вилояти филиалининг хизматларни сотиш, маркетинг ва тарифлар бўлими бошлиғи Марҳабо Неъматова. – Вилоятимизда интернетдан фойдаланувчилар тобора кўпаймоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан абонентлар сони 45,1 фоизга ошгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Халқаро пакетли коммутация маркази янги линияси фойдаланишга топширилиши фойдаланувчиларга катта қулайлик яратади. Уланиш тезлигининг ошиши билан унинг тарифи ҳам камаяди.

Тадбирда “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг мамлакатимиз турли ҳудудлари, шунингдек, жамоат учун мўлжалланган ҳамда фаол сайёҳлик объектларида симсиз радио уланиш тармоғи линияси лойиҳаси ҳақида ҳам сўз юритилди. Бундай лойиҳаларни мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, жумладан, Бухоро шаҳрида ҳам амалга ошириш кўзда тутилган.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
12 849