Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.09.2017 12:20 Чоп этиш версияси

Бугундан “Lex.uz” электрон расмий манба мақомига эга бўлди

2017 йил 25 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақомига эга бўлди.

Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг электрон расмий манбаси фуқаролар учун катта қулайликдир. Зеро, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган ҳозирги замон шуни тақозо қилади. Аввал фуқароларни ҳуқуқий хабардор қилиш асосан анъанавий оммавий ахборот воситалари орқали қоғоз кўринишида амалга оширилгани ҳуқуқий ахборотнинг ўз вақтида тарқатилишига салбий таъсир кўрсатган. Ундан кенг ва эркин фойдаланишда ҳам муаммолар мавжуд эди.

– Lex.uzда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар жойлаштирилаётганлиги, энг асосийси, базанинг расмий манбалар қаторига киритилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантиради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси бўлим бошлиғи Бобур Каримов. – Ҳозирда ўзбек ва рус тилларидаги 42 мингдан ортиқ ҳужжат жамланган ушбу базадан рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 60 мингга яқинлашди. Бир кунда ушбу базадан 13 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахс бепул фойдаланмоқда.

Бу базадан нафақат мамлакатимиз фуқаролари, балки АҚШ, Россия, Германия, Испания, Хитой, Норвегия, Франция, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳам фойдаланмоқда. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва миллий қонунчилигимиздаги янгиликлар билан тезкор танишиш имкониятига эга бўлаётир.

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга ва аҳолига ўз вақтида етказиш мақсадида ҳужжат қабул қилинган куниёқ босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмоқда.

Вазирликнинг Facebook.com ижтимоий тармоғида ўз саҳифаси очилган бўлиб, расмий веб-сайт билан биргаликда доимий равишда янгиланиб, долзарб маълумотлар қўйилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz) веб-саҳифасининг ҳам ушбу ижтимоий тармоқда саҳифаси очилди.

Ҳозирда аҳоли ўртасида кенг тарқалган “Telegram” мессенджерида ҳам Lex.uz саҳифаси жойлаштирилди. Унда янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни автомат равишда етказиш бўйича махсус канал ишга туширилди. Ушбу каналга “Telegram” мессенджеридан t.me/lexuzofficial манзили орқали кириш мумкин.

Facebook ижтимоий тармоғида “Адлия билан мулоқот” гуруҳи ҳам ташкил этилди. Бу гуруҳда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича тушунтириш, ушбу масалалар бўйича саволларга Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан жавоб берилмоқда.

Шу билан бирга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш бўйича мустақил экспертлар, мутахассислар ва аҳолининг фикрлари ва муносабатини акс эттирувчи таҳлилий ток-шоу, мунозаралар, баҳслар ҳамда қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини кенг муҳокама қилишнинг бошқа замонавий шаклларини жорий қилиш устида иш олиб борилмоқда.

Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилаётир. Ўтган даврда тарғибот тадбирларида қарийб 7 миллион аҳоли қамраб олинган.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 715






Все о погоде - Pogoda.uz