ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Борис Жонсон 5G тармоғини ривожлантиришда Huawei компаниясининг иштирокидан воз кечмоқчи

Борис Жонсон 5G тармоғини ривожлантиришда Huawei компаниясининг иштирокидан воз кечмоқчи

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Буюк Британиянинг 5G тармоғи инфратузулмасида Хитойнинг Huawei компанияси иштирокидан 2023 йилгача бутунлай воз кечишни режалаштирмоқда, деб ёзади Telegraph газетаси.

Нашрнинг ёзишича, Жонсон керакли идораларга зарур чораларни кўриш ҳақида аллақачон кўрсатма берган.

Британия ҳукумати Huaweiни мамлакатнинг 5G тармоғини ривожлантиришда чекланган тартибда иштирок этишига рухсат берган эди. Яъни, Хитой компаниясининг технологияси тармоқнинг миллий хавфсизлик билан боғлиқ “нозик” қисмларига етиб бормайди. Масалан, Хитой компанияси қурилмалари Буюк Британиянинг ядро объектларида ҳамда ҳарбий базаларида фойдаланилмайди.

АҚШ ҳам Huawei компаниясини Хитой ҳарбийлари ва разведкаси билан ҳамкорлик қилаётганликда, шунингдек, мижозларни кузатаётганликда айблаб, бошқа мамлакатларни 5G алоқа тармоғини жорий қилишда Huawei инфратузулмаси ва техникаларидан фойдаланмасликка чақириб келади. Хитой компанияси эса, ушбу айбловлар асоссизлиги, бу бозор рақобати тамойилларига зид эканини таъкидламоқда.

Huawei 2019 йил май ойидан бошлаб АҚШнинг қора рўйхатига киритилган.

16 745
ЎзА