ЎзА Ўзбек

28.12.2018 18:59 Чоп этиш версияси

Бир йилда “UZ” домен зонаси 12 мингта домен билан тўлди

Бир йилда “UZ” домен зонаси 12 мингта домен билан тўлди “UZ” домен зонаси маъмурияти 2018 йил якунларини сарҳисоб қилди.

Ижтимоий тармоқ миллий сегменти ташкил этилганидан буён маҳаллий фойдаланувчилар учун янги имкониятларни тақдим этган ҳолда, жадал ривожланмоқда. Ўтган йиллар мобайнида “UZ” миллий домени бошқарувчиси ҳисобланган “UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖ томонидан бир қанча лойиҳалар амалга оширилди.

Барча фойдаланувчилар марказлашмаган ҳолда фойдаланиши учун домен номларини online-рўйхатга олишни такомиллаштирадиган технология амалиётга татбиқ этилган сўнгги ишланмалардан биридир. Мазкур функция домен номини масофадан туриб рўйхатга олиш имконини беради.

Масалан, 2018 йил охирида ижтимоий тармоқдаги маҳаллий сегментда фаол доменларнинг умумий сони 65 мингтага етди. Айни пайтда уларнинг 12 мингдан ортиғи жорий йилда ташкил этилган доменлардир.

“UZ” домен зонаси маъмуриятидан олинган маълумотларга кўра, юридик шахслар учун регистратор мавқеини эркин олиш имкониятининг тақдим этилиши янада қулай ва арзон хизматлар таклиф этадиган янги регистраторларнинг пайдо бўлишига замин яратди. Тобора ривожланаётган рақобат домен номлари бозорида фаолият юритаётган маҳаллий компанияларнинг рақобатбардошлигини ошириш, янги хизматларни фаол жорий этиш, акциялар ўтказиш ва рўйхатга олиш нархларини пасайтиришга туртки берди. “UNITEL” МЧЖ компаниясининг 2018 йилда регистратор мавқеини олгани бунга ёрқин мисолдир. Ҳозирги кунда мазкур компания домен саноати бозорида қатор хизматларни тақдим этиб келмоқда.

Сентябрь ойида Тошкентда ўтказилган Осиё-Тинч океани минтақаси юқори даражадаги доменлар миллий ассоциацияси – APTLD (Asia Pacific Top Level Domain Association)нинг 20-саммити йилнинг энг ёрқин ҳодисаларидан бири бўлди. Унда ташкилотга аъзо бўлган 40 дан ортиқ давлат, шунингдек, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка вакиллари иштирок этди. Ушбу йирик тадбир интернет-бизнес ва домен саноати вакилларига глобал тармоқда ноёб идентификаторлар тизимини ривожлантиришга хизмат қилаётган асосий тренд ва имкониятлар, интернетда хавфсизлик бўйича янги технологиялар, турли мамлакатларда уни ривожлантириш тажрибаси билан танишиш имконини берди.

Жорий йилда “UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖ домен номлари регистратори сифатидаги фаолиятини тўхтатади. Буни регистраторлар рақобатбардош тармоғининг ривожланиши, ахборот технологиялар бозорида домен номларини рўйхатга олиш хизматлари сони ва сифатининг ошиши тақозо этди.




Роман Бондарчук, ЎзА
8 688