ЎзА Ўзбек

25.09.2018 20:36 Чоп этиш версияси

Бир қатор мактаблар бепул интернет хизматига уланди

Жиззах шаҳрида Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги – “ICTWEEK Uzbekistan-2018” доирасида вилоятда бўлиб ўтадиган тадбирлар олдидан брифинг ташкил этилди.

Брифингда АКТ ҳафталиги доирасида “Ахборот технологиялари — болалар учун” хайрия акцияси ташкил этилгани, унда вилоятдаги 3 таълим муассасасида жиҳозланган компьютер синфлари фойдаланишга топширилгани ҳақида маълумот берилди.

Шароф Рашидов туманининг 17-умумтаълим мактаби, Зулфия ва Ҳамид Олимжон номли мактаб интернати, Фориш туманининг 72-умумтаълим мактабида 10 тадан компьютер, кўп функцияли қурилма ва оптик проектор билан жиҳозланган синф хоналари ташкил этилди. Ушбу компьютер синфлари “Ўзтелеком” акциядорлик компанияси томонидан оптик толали тармоқ орқали бир йиллик бепул интернет хизматига уланди.

Ҳафталик доирасида “Жиззах вилоятида инновация, инвестиция ва ахборотлаштириш” минтақавий форуми, Жиззах ICT Expo 2018 ахборот коммуникация технологиялари ҳудудий кўргазмаси, “Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга оширишда ёшларнинг иштироки” талабалар коллоквиуми бўлиб ўтади.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
6 241