ЎзА Ўзбек

15.12.2014 15:52:21 Чоп этиш версияси

Ҳайдовчилар учун инновацион дастур

Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ҳайдовчиларга йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини интерактив тарзда ўргатувчи “AvtoTest 2.0” электрон дастури тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда ушбу дастур яратувчилари, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори Ж.Солиҳов, “AvtoTest Report” компанияси ижрочи директори Б.Иноғомов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ишлаб чиқариш, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш каби соҳаларга инновацион технологияларни кенг жалб этиш, дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 20 сентябрдаги “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

“AvtoTest 2.0” йўл ҳаракати қоидаларини ўрганишни янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган инновацион ўқув дастуридир. Унинг биринчи версияси 2012 йил 12 декабрда тақдим этилган эди. Мазкур дастур мамлакатимиздаги барча автомактабларда кенг татбиқ этилиб, ҳайдовчиларнинг билим даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили автоҳалокатларда 50 миллиондан ортиқ одам турли даражада тан жароҳатлари олади, бир миллиондан зиёд инсон вафот этади, – дейди электрон дастур муаллифи Комилжон Алламжонов. – Бу дунё миқёсида йўлларда хавфсизликни таъминлаш долзарб бўлиб бораётганидан далолатдир. Мамлакатимизда ҳайдовчиларнинг билим ва маҳоратини ошириш, таълим муассасалари ва автомактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўқитишда замонавий ўқув дастури ва адабиётлардан фойдаланишга эҳтиёж юқори. Янги дастур йўл ҳаракати қоидалари таълимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

“AvtoTest 2.0” электрон ўқув қўлланмасининг мазкур версияси 276 соатлик ўқув дастурини ўз ичига олиб, икки мингдан ортиқ 3D форматдаги видео-тренинг ва анимацияларни қамраб олган. Қўлланма “Йўл ҳаракати қоидалари”, “Автотранспорт воситаларининг тузилиши ва уларга техник хизмат кўрсатиш", “Автотранспорт воситаларини хавфсиз бошқариш ва ҳаракат хавфсизлиги асослари" ҳамда “Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш” каби бўлимлардан иборат. Дастурдан етти тилда фойдаланиш имконияти яратилгани чет эллик фойдаланувчилар учун ҳам айни муддао.

Дастур орқали осон интерактив таълим олиш мумкин. Бундан ташқари, яқин кунларда дастурдан уйда, сафар вақтида фойдаланиш имконияти яратилади. Мобил алоқа телефонлари учун ҳам махсус иловани яратиш кўзда тутилган.

Дунёнинг аксарият мамлакатларида “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг қарийб 80 фоизи деярли бир хил бўлгани учун ушбу дастурий маҳсулотни ҳар қандай бозорга осон мослаштириш мумкин.