ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Аслида ёзмоқчи эмасдим-у...

Аслида ёзмоқчи эмасдим-у...

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада йўл қўйилган ва ҳатто, йўл қўйилаётган хато ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича муҳокамаю мунозаралар қизигандан қизиб бормоқда. Бугун бу тортишувлар ўз ниҳоясига етгандек, гўё.

Бу жараёнда соҳа йўлида фидойилик қилаётганларга қарата тош отилгани, уларнинг бу борада ҳеч нарса қилмаётгани ва ёки қилишга кучи етмаслиги кўп марта такрорлангани кишини ўйга толдиради. Албатта, бу уларнинг фикри. Ҳеч ким бошқа бировни фикр билдириш, ўзи хоҳлаган тилда ўйлаш, фикрлаш ҳуқуқидан маҳрум қилолмайди. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида белгилаб қўйилган.

Энг қизиғи, мана шундай фикр билдирганларнинг 80-90 фоизи ўз “пост”ларини адабий тил қоидаларига риоя қилмаган ҳолда қолдирди, десам янглишмаган бўламан. Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, улар ўзи адабий тил меъёрларини биладими? Бу энди бошқа масала.

Ижтимоий тармоқларда ана шундай ҳолатга нисбатан ўз қарашларини баён қилганларга “Асосийси ўз фикрини айтяпти, қандай кўринишда ёзишининг нима фарқи бор?”, деган жавоблар ҳам “янгради”.

Кези келганда, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида давлат тилида иш юритиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Марказий аппарат бошқарма ва бўлимлари фаолиятига оид ҳужжатларни давлат тилига таржима ва қабул қилиш ишларини якунлай деб қолдик. Бизга келаётган ҳужжатларни билмадим-у, биздан бошқа ташкилотларга юборилаётган ҳужжатлар давлат тилида тайёрланмоқда. Бунинг шарт эканлигини ҳамкасбларим тушунмоқда ва бу борада амалий кўмак кўрсатишмоқда.

Энди белгиланган вазифаларнинг иккинчи босқичи, яъни Вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотлар билан ишлашга ўтдик. Ишнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида бунинг учун, аввало, уларда ушбу йўналиш бўйича масъулларни белгилаб олдик. Ҳозирда улар билан ҳамкорликда тизим ташкилотларнинг ҳам фаолиятини ўрганиб, баъзи ҳужжатларни давлат тилида қабул қилиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Бу қисқача танаффус эди.

Конституциянинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир, деб қатъий белгилаб қўйилган. Бу қоидага зид ёки қарама-қарши ҳаракат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мабодо кимдир ҳаддидан ошиб, шундай ҳаракат қиладиган бўлса, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмоқда, деб топилиши мумкин (20-модда).

Бундай ҳолатларга қарши чиқиш, курашиш учун ҳаммасини ўзимиздан, яъни шахсан ўзимиздан, оиламиздан, ишхонамиздан бошлашимиз зарур. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, сиз ўзбек тилида гапирасиз, оилада ўзбек тилида мулоқот қиласиз, ишхонангизда барча ҳужжатларни (халқаро ташкилотлар ва хорижга юбориладиганлари бундан мустасно) ўзбек тилида тайёрлайсиз ва ҳамкасбларингиз билан ўзбек тилида мулоқотга киришасиз. Ким сиздан бошқа тилда гапир, деб талаб қилади, ким сизни бунга мажбурлай олади, ким сизни бу ҳуқуқдан маҳрум қилишга уринади? Ким...?

Масалан, мен шундай қиляпман. Бир ҳамкасбим доим менга ўз тилида “Здравствуйте”, дейди. Мен эса унга “Ассалому алайкум”, деб жавоб қайтараман. Тунов куни яна бир ҳамкасбимиз шу воқеани эсга олиб, русча салом берувчи ҳамкасбимиз ҳеч бўлмаганда ўзбекча саломлашишни ўрганаётганини айтди. Ич-ичимдан хурсанд бўлдим. Курашиш дегани мана шунақа бўлса керак-да.

Энди ҳар биримиз шундай қилсак, нималар бўлишини ўйланг. Бунинг учун кимларнингдир дилини хира қилиш шарт эмас. Шунчаки сиз ўз тилингизда гапиринг, ҳаммаси изига тушиб кетади.

Таълим, билим ва маданиятни унга аъзо бўлган ҳар бир давлатдаги миллий комиссиялар орқали амалга оширувчи ЮНЕСКО томонидан олиб борилган тадқиқотлар бугунги кунда дунёда минглаб тиллардан фойдаланилаётганини кўрсатмоқда. Бу тилларнинг бир қисми кенг миқёсда бўлса, бошқалари бир ҳудуд доирасида фойдаланилмоқда. Хўш, дунёда энг кўп фойдаланиладиган тиллар қайси?

Инглиз тили гарчи дунёнинг жуда кўп ҳудудларида ишлатилаётган бўлса ҳам, аммо айнан мана шу сабабли у энг кўп фойдаланиладиган тил деган хулосага бориш нотўғри. Дунё тиллари рўйхатига қаралса, инглиз тили 2-ўринни эгалламоқда. Аҳолиси сони жиҳатидан дунёда биринчи ўринда турувчи Хитой рўйхатнинг бошида турибди. Ундан кейинги ўринларни инглиз, испан, ҳинд, араб, рус, малай, бенгал, португал ва француз тиллари эгаллаган.

Бизнинг асосий мақсадимиз кимлар биландир давлат тилини янада ривожлантириш бўйича пачакилашиб ўтирмасдан, уни юқорида келтирилган тиллар қаторига киритиш, ҳеч бўлмаганда уларга яқинлаштиришни ўйлашимиз керак.

Нурулла АБДУЛЛАЕВ,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири маслаҳатчиси.

14 907
ЎзА