ЎзА Ўзбек

23.10.2012 11:41 Чоп этиш версияси

Архивларни ахборотлаштириш – давр талаби

Мамлакатимиз дастурчилари томонидан архив муассасалари учун махсус “Архив маълумотномаларини расмийлаштириш” компьютер дастури ишлаб чиқилди. Илгари қўлда амалга ошириладиган ҳисоб-китобларнинг барчаси энди автоматик равишда бажарилади. Бу эса нафақат вақтни тежаш, балки ҳужжатларни тўлдиришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларнинг олдини олиш имконини беради.

Ахборот-коммуникация технологиялари инсон фаолиятининг барча соҳаларига, шу жумладан архив муассасалари ишига ҳам кириб келди. Архив ва кутубхоналар фаолиятига янги АКТларнинг жорий этилиши ҳужжатли ахборотдан, жумладан, масофадан туриб фойдаланиш, архивлар маълумотларини илмий таҳлил қилиш имкониятларини кенгайтиради, архившуносликнинг янги воситаларини тақдим этади, ҳужжатлар ва маълумотномаларни энг замонавий электрон шаклларда чоп этиш имконини беради, архивлардаги ахборот ресурсларининг жаҳон кибермаконига интеграциялашувига хизмат қилади.

Архив ишини янада ривожлантириш ва унга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида мамлакатимизда тегишли меъёрий-ҳуқуқий база яратилган, у мунтазам такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори архив ҳужжатларини сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш, улардан фойдаланиш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

– Бугунги кунда мамлакатимизда 102 давлат архиви фаолият юритмоқда, Миллий архив фондида сақланаётган ҳужжатлар ҳажми эса 8,4 миллион сақлаш бирлигига етди, уларни сақлаш ва қўллаш учун етарли шарт-шароитлар яратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги “Ўзархив” агентлиги бош директори ўринбосари Д.Кўчарова. – Давлат архивлари билан бир қаторда шаҳар ва туман ҳокимликлари қошида ташкил этилган 115 шахсий таркиб бўйича хўжалик ҳисобидаги идоралараро архивлар, шунингдек, 3 миллионга яқин сақлаш бирлигига эга 17 нодавлат архив ҳам фаолият юритмоқда. Давлат архивлари барча нодавлат ташкилотлари ва жисмоний шахслар томонидан тақдим этилаётган ҳужжатларнинг ҳаммасини қабул қилиши мураккаблиги, аслида бунинг иложи йўқлиги сабабли келажакда нодавлат архивлари сони тобора ортиб бориши кутилмоқда. Шу мақсадда тегишли меъёрий-ҳуқуқий база яратилиб, унда архивларнинг вазифа ҳамда ваколатлари, фаолият турлари аниқ белгилаб берилган, архив мақомига даъвогарлик қилаётган муассасанинг аниқ таърифи келтирилган.

Айни вақтда архивлар фақат архивларга хос бўлган фаолият билан, масалан, архивларни архив ҳужжатлари билан тўлдириш, ўрнатилган тартибда ташкилотлар ҳужжатлари билан илмий-техникавий жиҳатдан ишлаш, ташкилотлар ҳужжатларини депозитар сақлаш, ташкилотларга иш юритиш ва архив ишига доир меъёрий ҳужжатларни тузиш хизматларини кўрсатиш билан шуғулланишлари белгиланган.

Мамлакатимиз давлат архивларида сақланаётган 552 минг сақлаш бирлиги алоҳида қимматли ва ноёб деб эътироф этилган. Улар ўчмас тарихий-маданий ва илмий қимматга, жамият ҳамда давлат учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ўзида мавжуд бўлган ахборот ёки ташқи белгилари бўйича ўхшаши йўқдир. Улар йўқотилган тақдирда аҳамияти ва асл қўлёзмалиги нуқтаи назаридан ўрнини тўлдириб бўлмайди, шу сабабли уларга нисбатан ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланишнинг алоҳида тартиби жорий этилган.

Алоҳида қимматли ва ноёб архив ҳужжатларини келгуси авлодлар учун безавол сақлаш мақсадида барча марказий ва вилоятлардаги давлат архивларида уларни рақамлаштириш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бу архив ҳужжатларини консервация қилиш, тадқиқотчи ва фойдаланувчиларга ҳужжатларнинг электрон нусхалари билан ишлаш имконини беради. Маълумки, қоғоз ҳолидаги ҳужжатларга жисмоний зарар етказилиши асосан улардан фойдаланиш чоғида рўй беради. Ҳужжатларнинг электрон (рақамлаштирилган) нусхаларининг яратилиши нафақат фойдаланувчиларга қулайлик яратади, балки асл ҳужжатга жисмоний зарар етказилишининг олдини олади. Бугунги кунга келиб 900 минг варақ ҳужжатнинг электрон нусхалари яратилди. Рақамлаштириш ишлари энг замонавий жиҳозлар ёрдамида, ихтисослаштирилган дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда.

– Архив ҳужжатларининг рақамли нусхаларини яратиш учун бизда “Алоҳида қимматли ҳужжатларнинг электрон нусхаларини яратиш” сектори ташкил этилган бўлиб, бу ерда алоҳида аниқликка эга махсус сканерлардан фойдаланилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви директори ўринбосари А.Махамматов. – Бундай сканерлардан бири ахборотни йўқотмасдан ва ҳужжатларга зарар етказмасдан энг қалин жилд ва каталогларни ҳам сканер қилиш имконини беради. Кейинчалик рақамли нусхаларнинг барчаси ягона маълумотлар базасига киритилади ҳамда улардан фуқаролар ва биз билан ягона ахборот тармоғи орқали уланган бошқа республика архивлари фойдаланиши мумкин.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 21 августда қабул қилинган “Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивларини реконструкция қилиш ҳамда уларни техник модернизациялаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси самарасида қисқа муддатда салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, учта давлат архиви ўртасида ягона ахборот тармоғи яратилди. Архивларда сервер ва бошқа жиҳозларнинг ўрнатилиши барча давлат архивларида сақланаётган маълумотларнинг йирик ягона банкини яратиш имконини берди. Келажакда мамлакатимизнинг барча архивларини ягона тармоққа бирлаштириш мўлжалланмоқда.

Бугунги кунда марказий давлат архивларининг учаласида ҳам ўқув заллари очилган бўлиб, у ерда фойдаланувчилар ўзларини қизиқтираётган ҳужжатларнинг нафақат қоғоздаги, балки электрон нусхаси билан ҳам танишишлари мумкин. Бу ерда қўлланилаётган ахборот қидирув тизими ишлаш учун қулайлиги туфайли ҳар қандай фойдаланувчига керакли ҳужжатни тез ва қийинчиликсиз топиш имконини беради.

Фойдаланувчиларга керакли ахборотни излашда қулайлик яратиш мақсадида марказий ва пойтахтдаги давлат архивларида инфокиосклар ўрнатилган бўлиб, уларга энг қимматли ҳужжатларнинг каталоглари ҳамда мамлакатимиз архив ишини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари киритилган. Бугунги кунда инфокиоскларга 11248 ташкилотнинг маълумот базалари, Тошкент шаҳар архивларида сақланаётган шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар ҳамда идоравий архивларда сақланаётган 2545 ташкилотнинг ҳужжатлари ҳақида ахборот жамланган.

Ўзбекистоннинг ХIX аср 60-йилларидан бугунги кунгача бўлган тарихини акс эттирувчи ноёб ҳужжатлар тўпланган Марказий кинофотофоноҳужжатлар давлат архивида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Бу ерда сақланаётган ҳужжатларда давлатимиз ва жамиятимиз тараққиёт йўли ўз аксини топган.

– Марказий кинофотофоноҳужжатлар давлат архиви минтақамиздаги энг йирик ва бой архивлардан биридир, – дейди мазкур архив директори И.Абдусаломов. – Бу ерда 1837 йилдан бошлаб бугунги кунгача бўлган даврга тааллуқли барча тарихий кино, фото ва фоноҳужжатлар сақланади, улар давлат ва маданият нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга молик. Бугунги кунда архивда 19 мингдан ортиқ кино, 237 минг фото, 15 минг фоноҳужжатлар сақланмоқда. Уларнинг аксарияти жаҳонда ўхшаши йўқ алоҳида қимматга эга ва ноёб ҳужжатлардир.

Архив биноси ва техник жиҳозлар тўлиқ реконструкция ҳамда модернизация қилинди, ҳарорат режимини бошқаришнинг замонавий тизими ўрнатилди. Архивда сақланаётган ҳужжатлар, жумладан, винил пластинкалар, кинотасмалар, фотоқоғоз ва магнит тасмалар турли физик-кимёвий хоссаларга эга бўлганлиги сабабли ҳужжатларнинг ҳар бир тури учун алоҳида ҳарорат режими, белгиланган намлик даражаси таъминланиши лозим.

Архивнинг янги ускуналари кино, фото ва фоноҳужжатлар билан самарали ишлаш ва уларни рақамлаштириш имконини беради. Натижада, уларнинг сақланиш муддати узаяди, сифати яхшиланади, ҳужжатлар билан керакли форматда ишлаш имкони яратилади. Фотосуратлар учун юқори аниқликдаги сканерларнинг қўлланилиши натижасида ҳатто анча эски фотосуратлардан ҳам сифатли нусха олиш мумкин. Минглаб фотосуратлар бундай жараёндан ўтказилиб, каталогларга киритилиб, барча нусхалари серверда сақланмоқда.

Келажакда “Ўзархив” агентлиги томонидан “Архив маълумотномалари беришнинг интеграциялашган ахборот тизими” лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш режалаштирилмоқда. Мазкур тизим нотўғри архив маълумотлари бўйича пенсия тайинлаш ҳолатларини бартараф этишга кўмаклашади, берилган маълумотномаларнинг асл архив ҳужжатларига мослигини назорат қилиш жараёнининг очиқлиги ва тўлиқлигини таъминлайди. Бу янгилик архив маълумотномаларини сохталаштиришга уринишларни бартараф қилиш, ҳужжатларни ҳам архивга келиб, ҳам исталган вақтда масофадан туриб текшириш, керакли ҳужжатларни тезкорлик билан топиш, ҳужжат излаш бўйича буюртмаларнинг ижрочилари билан бевосита алоқа ўрнатиш имкониятини яратади. Энг муҳими, мутахассисларнинг иш вақти тежалади, фуқаролар “ягона ойна” тамойили асосида маълумот олиш имкониятига эга бўлади.

Ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши ва қўлланилиши ахборот хавфсизлиги масаласига долзарб аҳамият беришни тақозо этади. Бугунги ахборот маконида турли вирусли дастурлар кенг тарқалган. Бундай хатарлардан ҳимояланиш учун архивда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилмоқда. Учала марказий архивнинг барча компьютерида вирусга қарши замонавий дастурлар ўрнатилган бўлиб, уларнинг базалари доимий равишда янгилаб борилади.

Шубҳасиз, мамлакатимизда архив ишининг янада ривожланишини замонавий ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу эса келажакда бошқа давлат органлари ва муассасалари билан ягона тармоқни шакллантириш, архив ходимлари ишини енгиллаштириш, керакли ҳужжатларни олишда одамларнинг вақтини тежаш имконини беради.


ЎзА, Роман Бондарчук
11 117