ЎзА Ўзбек

25.04.2020 Чоп этиш версияси

Анъанавий ҳукуматдан “электрон ҳукумат” сари ёхуд дунёни ўзгартираётган қадамлар

Анъанавий ҳукуматдан “электрон ҳукумат” сари ёхуд дунёни ўзгартираётган қадамлар


Мана, “мобиль телефон”, деб атаганимиз жажжигина қутичада ҳозир олам-олам имконият мужассам. Бир пайтлар оддий мулоқот воситасига калькулятор, тақвим, диктофон, ёндафтар, видео ва фотокамера, соат, будильник сингари қатор қулайликлар жойланганидан ҳайратланган бўлсак, эндиликда у орқали сониялар ичида бутун бошли китобни исталган тилингизга ўгиришингиз ёки ҳайҳотдек бинонинг меъморий чизмасини тап-тайёр ҳолатга келтиришингиз мумкин.

Ана сизга тараққиёт шиддатига ёрқин мисол. Бу рақамли технологияларнинг мўъжизавий имкониятидир. Кундалик эҳтиёжимиз учун нозу неъматлар қанчалик зарур бўлса, жамият ҳаёти учун ҳам электрон платформалар, дастурий таъминот маҳсулотлари бугун шунчалик керак бўлиб бормоқда. Чунки маиший муносабатларимизни ҳам рақамли технологияларсиз амалга ошириш мушкул замонда яшаяпмиз. Бунинг амалий тасдиғини шу кунларда такрор-такрор кўряпмиз. Негаки, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятда “кўринмас ёв” ҳаммани уйда қолишга, иҳоталанишга мажбур қилди. Бундай шароитда рақамли технология дегани жонимизга оро киряпти. “Онлайн мактаб”, “Масофадан туриб ишлаш”, “Онлайн буюртма” деган иборалар ҳеч қачон ҳозиргичалик оммалашмаган. Ошхонаю ресторанлар эшигига қулф осилган бир вазиятда электрон ҳамёнимиз орқали тўлов ва буюртма қилсагу, зум ўтмай куръер эшигимизни қоқиб, буғи чиқиб турган икки қасқон мантини муҳайё қилиб турса...

Булар — маиший ҳаётимиз билан боғлиқ мисоллар. Давлат бошқаруви ва сиёсий институтларнинг трансформациялашуви шароитида яна бир масала борки, бугун ва келажак учун унинг аҳамияти ниҳоятда катта. Бу “Электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш, уни самарали амалга ошириш ва ривожлантириш каби вазифаларни ўз ичига олади.

Коронавирус жараённи тезлаштирди

БМТ томонидан 2015 йилнинг 25 сентябрида бир муҳим дастур қабул қилинди ва унга «Дунёмизни ўзгартириш: 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Кун тартиби» деб ном берилди. Камбағалликни бартараф этиш, инсонларнинг эмин-эркин яшаши, табиат ресурсларидан тенг фойдаланиши, очлик ва бошпанасизликнинг олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлаш, атроф-муҳит мусаффолигига эришиш мазкур дастурдан ўрин олган энг устувор мақсадлар сирасидандир.

193 давлат томонидан маъқулланган ушбу муҳим ҳужжат Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлашга хизмат қиладиган 17 та бош мақсад, 169 та мақсадли вазифа ва 230 та кўрсаткични қамраб олган. Аммо ана шу вазифаларни тўлақонли бажариш учун, аввало, ҳар бир мамлакатдан “электрон ҳукумат”ни ривожлантириш талаб этилди. Шу орқали аҳоли, давлат ва нодавлат сектор вакилларига сифатли давлат хизматларини кўрсатиш, уларнинг ҳаётини енгиллаштириш бўйича рейтинг кўрсаткичлари орқали давлатларга баҳо бериш тизими йўлга қўйилди.

Албатта, глобал дастур қабул қилинган пайтда кўплаб келишувлар амалга оширилди. Масалан, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг зарарсизланиши, тоза ичимлик суви таъминоти ва қашшоқликка қарши бирга курашиш бўйича чора-тадбирлар ҳисобга олинди. Аммо ер юзига “коронавирус” деган вирус ёпирилишини, оқибатда давлат хизматларини масофадан туриб кўрсатишга эҳтиёж кескин ошиб кетишини ҳеч ким башорат қилмаган эди. Бу эса “электрон ҳукумат” тизимини шакллантиришни янада жадаллаштириш вазифасини кун тартибига қўйди.

Давлат органлари ва халқ ўртасидаги тўсиқларга барҳам беради

“Электрон ҳукумат” алоҳида тушунча ва тизим сифатида илк бор 1991 йилда АҚШда истеъмолга кириб келган. У электрон ҳужжатлар алмашинуви, бошқарув жараёнларини автоматлаштиришга асосланган давлат бошқаруви ва давлат хизматларини кўрсатиш тизимидан иборат.

Орадан маълум муддат ўтгач, ушбу соҳада жаҳон ҳамжамияти ҳам ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ўрнатиш, тадқиқотлар ўтказиш ва глобал инновацион лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, 2003 йилдан буён БМТ томонидан фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш учун давлат идораларининг электрон технологиялардан фойдаланиш ҳолатини баҳолашга қаратилган тадқиқотлар мунтазам равишда олиб борилмоқда. Уларда интернет хизматларининг қамрови ва сифати, IT-инфратузилмаси ҳамда инсон капитали ривожланиши даражаси асосий мезон қилиб олинган.

Хўш, “электрон ҳукумат” одамларга нима беради? Унинг афзалликлари қандай?

Айтиш жоизки, “электрон ҳукумат” тизими давлат органларининг ўзаро узвий ҳамкорлигини таъминлайди, бошқарув харажатларини қисқартиради ва бошқарув жараёнлари тезкорлигини оширади. Шу билан бирга, аҳоли ва бизнесга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини оптималлаштиради ҳамда соддалаштиради. Ўз навбатида, халқ билан ҳукумат ўртасида бюрократик тўсиқлардан холи шаффоф ва қулай мулоқот тизимини яратади.

Бундан ташқари, мазкур тизим фуқароларнинг технологик билими ва малакасини юксалтиришга, давлат бошқарувида, шу жумладан, қарорлар қабул қилишда халқ иштирокини, жамоатчилик ўрнини кенгайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, демократик тамойилларни чуқурлаштириш, давлат идораларининг халқ олдидаги масъулиятини мустаҳкамлашда ҳам “электрон ҳукумат”нинг ўрни катта.

Чунончи “электрон ҳукумат” тизимининг жорий қилиниши глобал тараққиётга ҳамоҳанг равишда юртимизда рақамли технологиялар асосида давлат бошқарувини такомиллаштириш, ҳақиқий демократик муҳитни қарор топтиришга, шунингдек, Президентимизнинг “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий эзгу-ғоясини ҳаётга татбиқ қилишни тезлаштиради.

Тўрт илғор модель

Ҳозирги кунда “электрон ҳукумат”ни шакллантиришнинг ягона стратегияси ёки намунаси мавжуд эмас. Фақат унинг ривожланиш хусусиятлари ва географиясидан келиб чиққан ҳолда 4 та модель алоҳида ажратиб кўрсатилади. Булар — Континентал-Европа модели, Англо-Америка модели, Осиё модели ва Россия модели.

Ғарбий минтақа моделларига АҚШ ва Европа давлатларида асос солинган. Хусусан, АҚШда сиёсий тизимни такомиллаштириш бу борада асосий ўринни эгалласа, Европада (Дания, Буюк Британия, Швеция, Финландия, Франция, Германия ва бошқалар) маъмурий ислоҳотлар ва фуқароларга хизмат кўрсатишда АКТни кенг жорий этишга аҳамият қаратилади.

Электрон иштирок индекси ва “электрон ҳукумат” ривожланиши бўйича жаҳон мамлакатлари рейтингида Буюк Британия етакчилардан бири ҳисобланади. Бунда ушбу мамлакатда 1999 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимиятини модернизация қилиш” стратегик дастури ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Натижада “Онлайн Буюк Британия” ҳукумат портали ишга туширилган ва “Тўғридан-тўғри алоқа” лойиҳаси амалга оширилган. Булар фуқаролар ва бизнес субъектларига давлат хизматларидан электрон тарзда, қулай ва соддалаштирилган тартибда фойдаланиш, очиқ маълумотлар алмашинуви имкониятини тақдим этган.

Шарқий минтақа (Жанубий Корея, Япония, Сингапур) моделларида эса янги давлат бошқаруви, давлат органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлиги тамойиллари асосида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш асосий ўринни эгаллайди.

Россияда “электрон ҳукумат”ни ривожлантиришнинг хусусияти федераль давлат идоралари фаолиятини электронлаштириш билан бир қаторда, маҳаллий идораларни ҳам фаол автоматлаштиришга қаратилган.

Ўзбекистонда ҳолат қандай?

2015 йилда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши мамлакатимизда бу тизим жорий қилинишида тамал тоши бўлди. Ўз навбатида, айнан ушбу ҳужжат билан “электрон ҳукумат” тушунчасига ҳуқуқий изоҳ берилиб, асосий вазифалари белгиланди.

Унга кўра, “электрон ҳукумат” давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаши, ижро интизомини кучайтириши керак. Қолаверса, у давлат органларининг маълумотлар базалари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда электрон давлат хизматлари ягона реестрини шакллантиради. Бинобарин, давлат бошқаруви тизимида “бир дарча” тамойилини жорий этади.

Тадбиркорлик субъектларининг статистика ҳисоботларни тақдим этиши, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар олиши жараёнларида электрон ҳужжат айланиши тизимига ўтилади. Шу билан бирга, электрон тижорат, коммунал хизматларни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимлари кенг татбиқ этилади.

Айни пайтда юртимизда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz), Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими портали (regulation.uz), Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва бошқа қатор электрон платформа ва инфратузилмалар ишга туширилган. Бу эса Ўзбекистонда “электрон ҳукумат” тизими босқичма-босқич жорий қилинаётганидан далолатдир.

Одамлар ўрнида роботлар ишлайди

Европа Иттифоқининг тадқиқотлари натижаларига кўра, тўртинчи “саноат инқилоби” шароитида 2020 йилда 15 та ривожланган ва ривожланаётган мамлакатда 5 миллион киши ўрнида роботлар ишлаши мумкин. Бу эса, шунча ишсиз аҳоли қатлами пайдо бўлади, дегани ҳамдир.

Энг катта йўқотиш ЕИнинг ўзида кузатилиши ҳам тахмин қилиняпти. Негаки, бу ерда иш ўринларининг автоматлашув даражаси анча юқори. Келажакда 10 иш ўрнидан 9 тасига рақамли билим ва кўникмаларга эга мутахассислар талаб этилади. Ҳозир Европа Иттифоқи мамлакатларида меҳнат қилаётган 16-74 ёшгача бўлган аҳолининг 44 фоизи ушбу кўникмаларга эга. Шу боис, ЕИ комиссияси “саноат инқилоби”нинг салбий оқибатларини бартараф қилиш мақсадида бир қанча дастурларни ишлаб чиқишга киришган.

Булардан биринчиси ишчи кучининг рақамли технологияларни ўзлаштириши, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш малакасини оширишга қаратилган инновацион таълим тизимини йўлга қўйиш ва модернизациялашга қаратилгандир.

Рейтинг кўп нарсага ойдинлик киритади

“Электрон ҳукумат” ривожланиши индексида Ўзбекистон мавқеи 2016 йилда 0,54 коэффициентни, яъни “ўртача”дан “юқори” ўсиш даражасини ташкил этди. 2018 йилда ўтказилган охирги баҳолаш натижалари бўйича эса бу кўрсаткич 0,62 коэффициентгача ошди, Натижада рейтингда иштирок этган 193 та мамлакат ўртасида Ўзбекистон 81-ўринни эгаллади. Мазкур кўрсаткич 2014 йилдагига қиёслаганда қарийб 20 поғона юқоридир.

БМТ таҳлилчилари дунёнинг ўртачадан паст даромадли мамлакатлар орасида Ўзбекистоннинг бундай натижага эришишини ижобий баҳолади. Энг эътиборлиси, Ўзбекистоннинг “электрон ҳукумат” ривожланишининг асосий таркибий мезонлари ҳисобланган онлайн хизмат кўрсатиш индекси (OSI) 0,79 коэффициент ва инсон капитали индекси (HCI) 0,73 коэффициентни ташкил этди.

Бинобарин, электрон иштирок рейтингида (EPI) Ўзбекистон 0,75 коэффициент билан дунёда 59-ўринни ва Марказий Осиёда Қозоғистондан кейин 2-ўринни эгаллаб турибди.

Бу жаҳондаги ўртача даража – 0,56 ва Осиёдаги – 0,61 даражасидан бирмунча юқорилиги барчамизни қувонтиради.

Лекин Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмаси индекси (TII) пастлигича (0,33) қолмоқда. Бу мамлакатимизда телекоммуникациялар соҳасида ва “электрон ҳукумат” инфратузилмасини ривожлантириш борасида кечиктириб бўлмайдиган таъсирчан чоралар кўриш лозимлигидан далолат беради.

Шу билан бирга, рақамли иқтисодиётга ўтишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд. Президентимиз таъбири билан айтганда, аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ. “Электрон ҳукумат” тизимини, амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳаларни танқидий қайта кўриб чиқиб, барча ташкилий ва институционал масалаларни комплекс ҳал этиш зарур. Жумладан, давлат ахборот тизимларини ривожлантиришнинг ягона принциплари ишлаб чиқилмаган. Ушбу соҳадаги тадбирлар эса ўзаро ва бошқа ахборот тизимлари билан узвий боғланмаган ҳолда амалга ошириляпти. “Электрон ҳукумат” инфратузилмаси лозим даражада ривожланмаган. Бу давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда АКТни кенг қўллашга таъсир кўрсатмоқда.

Президентимизнинг “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида ана шу муаммолар ечимига доир аниқ вазифалар белгиланган. Идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш, кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари сифатини ошириш ва рўйхатини кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан бевосита алоқасиз ўзаро муносабатларни амалга ошириш шаклларини кенг қўллашга оид чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Тараққиёт пиллапояси

Бизда “электрон ҳукумат”ни ривожлантириш ва ҳаётга татбиқ этиш билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бевосита шуғулланади. Айни пайтда мазкур Агентлик томонидан бир қатор ижобий ишлар қилинди.

Масалан, давлат хизматлари учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизими йўлга қўйилди. 2019 йилнинг ўзида 15 та давлат хизматини кўрсатиш жараёни оптималлаштирилди. «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш» ва «Нафақа ҳақида маълумот бериш» каби хизматлар шулар сирасига киради.

Ўтган йили Ягона биллинг тизими орқали тўловлар сони деярли 70 фоиз, миқдори эса қарийб 2 баробар кўпайди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг «электрон ҳукумат» тизимига киришлари ягона идентификациялаш тизими (id.gov.uz) орқали амалга оширилмоқда. Унга 60 дан ортиқ ваколатли органларнинг расмий веб-сайтлари уланган. 2019 йилда рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар сони 150 минг нафарни ташкил қилиб, 2018 йилдагига нисбатан 61 фоиз ўсишга эришилган.

Ўтган йил май ойида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотлар яратиш ва жорий этиш бўйича лойиҳалар ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги бошқа лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжат асосида лойиҳалар экспертизаси амалга оширилади.

Маълумотларга кўра, 2019 йилда 101 та лойиҳа кўриб чиқиш учун тақдим этилди (қайта кўриб чиқиш учун юборилган лойиҳаларни ҳисобга олганда 134 та лойиҳа экспертизаси ўтказилди). Шунингдек, 2019 йилда давлат ташкилотлари томонидан кўриб чиқиш учун тақдим этилган ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги 150 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилган ва уларга хулосалар берилган.

Соҳада қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида 2020 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш Концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси», «Электрон ҳукумат» тизими архитектураси ва уни 2020 – 2025 йилларда ҳаётга татбиқ этиш режа-жадвали ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон кўзлаган марра аниқ: ривожланган мамлакатлар сафига қўшилиш! Бунинг ягона омили – ислоҳот. Миллий тараққиёт стратегиямизда белгиланган вазифалар ижроси эса бизни шу муваффақиятларга элтади. Натижада “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг тўлақонли амалий ифодасини кўрамиз. “Электрон ҳукумат” тизими бу борада мустаҳкам пиллапоя вазифасини ўташига ишончим комил.

Шерзод МУСТАФАҚУЛОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Университет 3.0” халқаро ўқув, 
илмий-инновацион тадқиқотлар маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.


8 249