ЎзА Ўзбек

27.09.2017 16:59 Чоп этиш версияси

АКТ бизнеси тараққий этмоқда

АКТ бизнеси тараққий этмоқда «Mirzo Ulugbek Innovation Center» ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаш инновация марказида маҳаллий ахборот-коммуникация технологиялари компаниялари вакиллари, стартаперлар, АКТ соҳаси мутахассислари ва техник мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари талабалари учун ўқув курслари ва тренинглар ташкил этилади.

Таълим жараёнида тингловчилар АКТ бизнесининг барча ўзига хос жиҳатлари – бизнес-режа тузишдан то маҳсулотни бозорда реклама қилиш стратегиясини шакллантириш ҳамда стратегик режа ва инқирозга қарши менежментгача ўрганишлари мумкин.

Ўқув машғулотларида «Microsoft» ва «Cisco» каби машҳур хорижий компаниялар вакиллари билан бирга, Кремний водийсида (АҚШ) фаолият юритаётган маҳаллий дастурчиларимиз ҳам фаол иштирок этади. Бундай имкониятга Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги делегациясининг Кремний водийсига қилган ташрифи чоғида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги қатор меморандум ва шартномалар туфайли эришилди.

Марказ Президентимизнинг 2017 йил 30 июндаги "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Инновация маркази директори Хуршид Султоновнинг айтишича, бугунги кунда АКТ соҳасида фаолият юритаётган 30 га яқин компания марказ резидентларига айланиб улгурган. 2021 йилга қадар 500 дан ортиқ маҳаллий АКТ компаниялари «Mirzo Ulugbek Innovation Center» резидентлари қаторига кириши, яратилаётган имконият ва имтиёзлар туфайли маҳаллий юқори технологик маҳсулотлар экспорти ҳажми сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.

Роман Бондарчук, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
8 773