ЎзА Ўзбек

26.09.2018 21:38 Чоп этиш версияси

Ахборот технологиялари соҳасидаги замонавий тенденциялар муҳокама қилинди

Ахборот технологиялари соҳасидаги замонавий тенденциялар муҳокама қилинди «ICTWEEK Uzbekistan – 2018» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида "Ўзэкспомарказ"да илк бор «DIGITAL UZBEKISTAN» форуми ташкил этилди.

Қизиқарли тақдимотлар ва долзарб мавзулар муҳокамаси, АТ-соҳасидаги жаҳонга машҳур мутахассис ва олимлар билан тажриба алмашиш имконияти тақдим этилгани форумни АКТ ҳафталигининг энг ёрқин воқеликлардан бирига айлантирди.

Бу ерда бир майдончада Ўзбекистон, Швеция, Грузия, Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Германия ва Сингапурдан ахборотлаштириш ва digital-трансформация соҳасидаги етакчи мутахассислар жам бўлди.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқов АКТни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, мамлакат ҳудудларида телекоммуникация тармоқларининг ўтказиш қобилиятини кенгайтириш ва ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, digital-трансформациянинг зарурияти ҳақида сўзлаб берди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг сўзларига кўра, бугун кўз ўнгимизда иқтисодий тараққиёт моделларининг глобал ўзгариши рўй бериб, у иқтисодий ўсишнинг янги йўналишларини шакллантириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбарияти томонидан жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган АКТни кенг жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Форум дастуридан спикерлар чиқиши ва шўъба мунозаралари ўрин олди. Спикерлар чиқишларида ўз мамлакати ва компанияларининг digital-трансформация, автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш ҳамда "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш соҳасидаги тажрибалари ҳақида маълумот берди. Ўз навбатида, шўъба мунозаралари Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган стратегик қарор ва дастурларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Иштирокчилар Ўзбекистонда АКТ соҳасидаги қонунчилик мунтазам такомиллашиб, корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати ошиб бораётгани, энг замонавий технологиялар жорий этилаётганини таъкидлади. Мобиль алоқа фаол ривожланаётгани туфайли операторлар, интернет-провайдерлар ва интернетдан жамоавий фойдаланиш шохобчалари сони ортиб бормоқда.

Ўзбекистон халқ таълими вазири ўринбосари С.Бобохўжаевнинг чиқиши форум иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. У ўз маърузасида мамлакатимиз халқ таълими тизимига АКТни жорий этиш бўйича режалар ҳамда натижалар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, Халқ таълими вазирлигидан маслаҳатлар олиш ва таклифлар беришга мўлжалланган янги портал тақдимотини ўтказди. Бундан ташқари, юртимиз умумтаълим мактаблари таълим тизимида фойдаланиладиган барча дарслик ва ўқув қўлланмалар, мустақил машғулотлар учун видеодарс ва материалларнинг электрон нусхасини ўз ичига олган янги веб-ресурс яратилиши ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, келгуси йилдан барча ўқув материалларини апробация қилиш тизими жорий этилади. Шу тариқа ўқувчилар қўлига келиб тушишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтади.

Форумнинг шўъба мунозараларидан бири молия соҳасидаги рақамли трансформацияга бағишланди. Турли мамлакат мутахассислари иқтисодиётнинг рақамли транцформацияси тренд ва истиқболлари, банк соҳаси, тезкор тўловлар, давлат хизматлари учун онлайн-тўловлар, молия тармоғи трансформацияси соҳасидаги булутли ечим ва илғор технологияларга бағишланган маърузаларини тақдим этди.

Шундай қилиб, форум ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш, мамлакат мутахассисларининг хорижий ҳамкасблар билан тажриба алмашиш учун ўзига хос мулоқот майдони вазифасини ўтади.

Роман Бондарчук, ЎзА
6 630