ЎзА Ўзбек

05.11.2012 13:46 Чоп этиш версияси

Ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш кўлами кенгаймоқда

Мамлакатимизда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш, барча соҳаларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жаҳон ахборот маконига интеграциялашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарор асосида Андижон вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир.

– Кейинги йилларда вилоятда алоқа ва ахборотлаштириш, телекоммуникация тизими тўлиқ модернизация қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Лазизбек Усмонов. – Яъни тизимда халқаро рақамли станциялар ўрнатилди, шаҳарлараро ва вилоят ичидаги магистраль алоқа линияларида оптик толали кабеллар, рақамли радиореле линиялари ўтказилди. Телевизион ва радио узатиш воситалари тубдан янгиланди. Умуман, аҳолига, корхона ва ташкилотларга ахборот-коммуникация хизмати кўрсатиш сифати ва самарадорлиги яхшиланди. Амалга оширилган ишлар натижасида телекоммуникация тизими ривожланиб, кўрсатилаётган хизматлар сифати ошди.

Дарҳақиқат, бугун вилоятда аҳоли ҳамда корхона ва ташкилотлар ўртасида интернет тармоғидан, шунингдек, мобиль алоқа хизматидан фойдаланувчилар сони тобора кўпайиб бормоқда. Айни пайтда 50 дан зиёд интернет-кафе фаолият кўрсатмоқда. Маҳаллий телефон тармоғи орқали интернетдан фойдаланувчилар сони 220 минг нафардан ортган, кўплаб абонентлар мобиль алоқа тармоғи орқали интернет хизматидан фойдаланмоқда.

Корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳолининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш даражасини босқичма-босқич ошириш, интеграциялаш асосида миллий ахборот тизимини шакллантириш, ахборот олиш, узатиш тезлиги ва сифатини янада яхшилаш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизимини яратиш, шунингдек, кўрсатилаётган турли интерфаол хизматлар турини кенгайтириш, айниқса, таълим муассасалари ҳамда қишлоқ жойларда ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланишни ташкил этиш ва оммалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, туман марказлари ва қишлоқларда маҳаллий алоқа тизими орқали интернетдан фойдаланиш имкони яратилди. Вилоятдаги 841 умумтаълим мактаби, 115 лицей ва касб-ҳунар коллежлари “ZiyoNet” ахборот таълим порталига уланди. Бундан ташқари, бир қатор муассаса ва корхоналарнинг сайтлари яратилиб, мунтазам янгиланиб борилаётгани фойдаланувчилар учун зарур маълумотлар билан танишиш борасида кенг имконият яратмоқда.

– Вилоят ҳокимлиги сайти орқали вилоят ижтимоий ҳаёти ҳақида жуда кўп маълумотлар билан танишиш мумкин, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов. – Бу маълумотларнинг ўзбек ва рус тилларида киритиб борилиши унга бўлган қизиқиш ва фойдаланувчилар аудиториясини янада кенгайишида муҳим омил бўлмоқда.

Айни кунда турли мулкчилик шаклидаги ташкилот ва корхоналарда, таълим муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш, компьютер техникаси, электрон ҳужжат айланиш тизимидан самарали фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил олиб борилмоқда.


ЎзА, Ф.Убайдуллаев
13 672