ЎзА Ўзбек

18.12.2012 17:04 Чоп этиш версияси

Ахборот-коммуникация технологиялари ва таълим жараёни

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида олий ва ўрта махсус таълим тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар вакиллари, олий таълим муассасаларининг профессор ва ўқитувчилари, ахборот- коммуникация технологиялари соҳаси мутахассислари ва журналистлар иштирок этди.

Таълим жараёнига илғор ахборот технологияларини жорий этиш талабалар ва ўқувчиларни интеллектуал ривожлантириш ҳамда жамиятимизни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришнинг муҳим шартидир. Бу борада истиқлол йилларида мамлакатимизда катта ютуқларга эришилди. Ахборотлаштиришни ривожлантириш соҳасидаги давлатимиз сиёсати мамлакатимизни бевосита жаҳон ахборот маконига интеграциялашувига йўналтирилган бўлиб, бу борадаги асосий тамойиллар Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу жараённи янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Ш.Қаюмов ва бошқалар кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида талабаларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ўқитиш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ишлари амалга оширилаётганини таъкидлади.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, етакчи олий ўқув юртларининг расмий веб-саҳифаларида он-лайн режимида масофавий таълим дастурлари жорий этилган бўлиб, бу кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашда ҳам кенг қўлланилмоқда. Мингдан зиёд интерфаол мультимедиа дастурлари ва ўқув-услубий қўлланмалар тайёрланиб, мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг электрон кутубхоналарига киритилди.

Бугунги кунда қатор таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари юқори тезликдаги оптик-толали алоқа канали бўйича Ягона электрон таълим миллий тармоғига уланган. “Электрон таълим” тизими масофавий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, ахборот ресурслари ва меъёрий-услубий таъминот алмашинуви ҳамда илмий-услубий салоҳиятни мониторинг қилиш соҳалари бўйича кенг имкониятларга эга. Ушбу тизим ўқув жараёнини ташкил этишни янги босқичга кўтариш имконини беради, компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда турли масофавий тадбирларни ўтказиш, мамлакатимиз таълим муассасалари ва хорижий олий ўқув юртлари ўртасида телекўприклар уюштириш, олий ўқув юртларини интернет ва “ZiyoNET” тармоғига сифатли ва юқори тезликда улаш, олий таълим муассасаларида яратилган ахборот ресурслари, веб-лойиҳалар, виртуал лабораторияларни интернет тармоғига жойлаштириш ҳамда талаба ва ўқитувчиларнинг улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда асос бўлиб хизмат қилади.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.


ЎзА, А.Рашидбеков
11 301