ЎзА Ўзбек

26.11.2012 21:00 Чоп этиш версияси

Ахборот-коммуникация технологиялари тадбиркорлар хизматида

Ахборот-коммуникация технологияларининг амалиётга кенг жорий этилаётгани тадбиркорлик субъектлари учун ҳам кенг имкониятлар яратмоқда. АКТдан фойдаланиш бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик соҳасида янада эркин фаолият юритиш, меҳнатни рағбатлантириш, маҳсулот ва хизматлар бозорини кенгайтиришга кўмаклашмоқда.

Пойтахтимизда “Тижорат фаолияти ва тадбиркорликда замонавий ахборот технологияларини қўллашни ривожлантириш: амалиёт ва қонунчилик” мавзуида бўлиб ўтган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди. Тадбир Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилди.

Депутатлар, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, АКТ соҳаси мутахассислари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида бўлиб ўтган мазкур учрашувда хўжалик ташкилотлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ва ундан фойдаланиш борасидаги қонунчиликни янада ривожлантириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон либерал-демократик партияси фракциясининг раҳбари Бахтиёр Ёқубов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига ахборот- коммуникация технологиялари хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Барча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳамда молия ҳисоботларини топширишнинг электрон тизимига босқичма-босқич ўтказилмоқда. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг юридик шахсларга солиқ солиш бош бошқармасининг бўлим бошлиғи Аҳмаджон Олимовнинг маълум қилишича, 2011 йилда мазкур тизим 194,7 минг нафардан зиёд фойдаланувчини қамраб олган бўлса, 2012 йилда ушбу кўрсаткич 207 мингга етди. Бу солиқ органларига ҳисобот тақдим этадиган корхоналарнинг 85 фоизини ташкил этади. Шунингдек, электрон инкасса топшириқларини тақдим этиш тизими ҳам кенг жорий қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам бу йўналишда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ташқи савдо операцияларининг интеграциялашган идоралараро ягона электрон ахборот тизими амалиётга татбиқ этилди. Ушбу тизим ташқи савдо шартномаларини рўйхатга олиш жараёнини қисқартириш ва тезлаштириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар экспортидан тушадиган пул маблағлари устидан валюта назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда. Яна бир янгилик – Транзит товарлар ва транспорт воситаларини назорат қилишнинг ягона автоматлашган тизими бўлиб, бу транзит юкларини реал вақтда расмийлаштириш ва назорат қилишни автоматлаштириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасида электрон шаклда фирма номларини рўйхатга олиш тизимидан фойдаланилаётгани самарасида 77 мингдан ортиқ ариза кўриб чиқилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, статистика органлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларидан тушаётган аризаларни кеча-кундуз қабул қилмоқда, аризаларни кўриб чиқиш ва аризачига тегишли билдирги хатини юбориш жараёни тўрт иш соати мобайнида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов тизими ва ахборотлаштириш департаменти директори Илҳом Абдуғаффоровнинг таъкидлашича, мамлакатимиз банклари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига “Банк-мижоз”, интернет-банкинг, SMS-банкинг каби кенг турдаги масофавий банк хизматларини таклиф этмоқда. Масалан, тадбиркорлар реал вақт режимида интернет-банкинг орқали мобиль телефон ёрдамида ўз ҳисобрақамини назорат қилиш имконига эга бўлди. Бугунги кунда мазкур хизмат мамлакатимиздаги 30 банк томонидан кўрсатилмоқда.

Тадбирда тижорат секторига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали давлат хизматлари кўрсатишни мақбуллаштиришга қаратилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.


ЎзА, Сардор Тожиев
10 008