ЎзА Ўзбек

13.11.2012 19:42 Чоп этиш версияси

Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кенгаймоқда

Тошкентда UZINFOCOM маркази томонидан “Компьютерлаштириш марказларининг бугунги ҳолати, ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш муаммолари” мавзуида ўқув семинари ўтказилди.

Тадбирда тегишли вазирликлар вакиллари, вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказлари директорлари иштирок этди.

Семинарни ўтказишдан мақсад давлат органлари вакилларини давлат бошқарувида замонавий ахборот технологияларини ривожлантиришнинг янги йўналишлари ва тенденциялари билан таништириш, тажриба алмашиш ва давлат органлари ахборот ресурсларини ривожлантириш бўйича мутахассислар тавсияларини ишлаб чиқиш, шунингдек, вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказларининг замонавий ахборот технологияларини амалиётга янада кенг жорий этишдаги ролини кучайтиришдан иборат.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари М.Маҳмудов Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида барча давлат органлари фаолиятига янги ахборот тизимлари ва технологияларини жорий этиш, улар асосида аҳолига турли давлат хизматларини тақдим этиш зарурлиги қайд этилганини таъкидлади.

Семинарда мамлакатимизда АКТнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси, давлат органлари сайтларининг бугунги аҳволи ва уларни ривожлантириш, интерфаол давлат хизматлари кўрсатиш, давлат ахборот тизимлари ҳамда ресурслари, ахборот хавфсизлигини шакллантириш ва ривожлантириш масалалари, шунингдек, ҳудудларда АКТни ривожлантириш ва жорий этиш борасидаги ишлар кўриб чиқилди.

Тадбирда вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказлари фаолияти, бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш услубларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларнинг чиқишларида давлат органларида ахборот хавфсизлиги масалаларига катта эътибор қаратилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги веб-сайтларининг аҳволини мониторинг қилиш натижалари муҳокама этилди. Мазкур веб-сайтларнинг мазмунини яхшилаш ва уларга янгиликларни ўз вақтида жойлаштириб бориш, шунингдек, он-лайн режимида хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар томонидан таклифлар билдирилди.

Фикр алмашиш давомида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида ахборот технологияларини ривожлантириш борасидаги долзарб масалалар ҳамда эришилган ютуқлар таҳлил этилди.


ЎзА, В.Николаев
15 739