ЎзА Ўзбек

25.10.2017 09:04 Чоп этиш версияси

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари қайси электрон хизматлардан кўпроқ фойдаланмоқда?

Биз яшаётган ахборот асри ҳар бир соҳада замон билан ҳамнафас қадам ташлашни тақозо этмоқда. Унинг муҳим шартларидан бири ахборотлаштиришдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида ҳам ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасини ошириш масаласига эътибор қаратилган.

ЎзА мухбири шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва режалар ҳақида “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи Мурод Расулов билан суҳбатлашди.

– Мурод Маҳмуджонович, Маъмурий ислоҳотлар концепциясида илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражаси талабга жавоб бермаётгани қайд этилган.

– Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ҳақли равишда таъкидлаганидек, замонавий инновацион услубларни жорий этиш даражаси пастлиги қабул қилинаётган қарорларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш ва унинг жараёнини тезкор кузатиб бориш имконини бермаяпти. Шунингдек, давлат бошқарувида ортиқча бюрократлаштириш ва юқори сарф-харажатларга сабаб бўлмоқда. Концепция ана шу камчиликларни бартараф этиш, давлат бошқаруви тизимининг барча тармоқларини сифат жиҳатдан янгилашга қаратилган.

Бу эса олдимизга шу йўналишда янги, самарали инновацион ишланмаларни ҳаётга татбиқ этиш вазифасини қўяди. Бу борада юртимизда Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ўтказиб келинмоқда. Ўтган йилда ўтказилган ярмаркадан кейин “Ижро интизоми» дастури амалиётга татбиқ этилди. Мониторинг ва оператив назоратни ўз ичига олган бу ишланма идоралараро электрон ҳамжиҳатлик тизимига айланмоқда.

Ҳозир ишга тушган «Ijro.gov.uz» тизими эса идоралараро ижро интизоми назоратини таъминлаётир. Айни пайтда тизимни янада ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда. Чунки бу тизим жуда самарали бўлиб, давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги даражасини оширади. Шу йўналишда етарли даражада очиқликни таъминлайди. Топшириқларнинг ижрочиларга етиб бориши ва бажарилган ишни раҳбариятга тақдим этиш муддатлари анча қисқаради. Регламентда белгиланган муддатларга риоя қилишда давлат органлари масъулияти ошади. Бир вақтнинг ўзида хабар алмашинувини таъминлайдиган махсус модул воситасида фойдаланувчилар ўртасида тезкор хизмат ёзишмалари амалга оширилиши иш самарадорлигини оширади.

– Фармонда “Электрон ҳукумат” тизимини янада кенг жорий этиш вазифаси қўйилган. Бу қандай амалга оширилади?

– 2016 йилда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуннинг кучга киргани тизим ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Лекин соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Хусусан, вазирлик ва идораларнинг барчаси ҳам АКТни жорий этишга етарли эътибор қаратмаяпти. Ёхуд бу борада сусткашликка йўл қўйилмоқда. Ташкилотларда АКТга масъул бўлган ходимлар етишмайди, айрим ҳолларда уларнинг малака кўникмалари етарли эмас. Ҳанузгача баъзи ташкилотларда ички жараёнларни автоматлаштирувчи ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилувчи тизим яратилмаган ёки мавжудларидан самарали фойдаланилмаётир.

“Электрон ҳукумат” тизимининг тўлиқ ва самарали ишлаши учун уни ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш зарур. Ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини ишлаб чиқиш ва интеграциялашда ягона технологик ёндашувни таъминлаш ҳамда давлат органларининг функционал ва операцион жараёнлари фаолиятини тизимли қайта ташкиллаштириш мақсадга мувофиқ.

Давлат органлари фаолиятидаги АКТ самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш бугунги кундаги долзарб вазифалардандир. Бу юқоридаги каби камчиликларни бартараф этиш, АКТни жорий этиш кўламини кенгайтиришга йўл очади.

– Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари қайси электрон хизматлардан кўпроқ фойдаланмоқда?

– Электрон давлат хизматларидан фойдаланишда мурожаатчилар имкониятларини кенгайтириш ва қулай шароит яратиш мақсадида Интерактив давлат хизматлари ягона портали /my.gov.uz/ ишга туширилган. Ягона портал доирасида 300 дан ортиқ электрон давлат хизмати ишлаб чиқилган ва жорий қилинган бўлиб, бу тизим давлат органлари томонидан кўрсатиладиган электрон давлат хизматларидан фойдаланишнинг ягона нуқтасига айланди. Портал ишга тушган кундан бошлаб 1,5 миллионга яқин мурожаат келиб тушди.

Мавжуд платформани такомиллаштириш мақсадида ҳозирги кунда порталнинг янги талқини тест режимида ишга туширилди. Унинг ўзига хос томони шундаки, мавжуд маълумотлар базаси, “Электрон ҳукумат” ахборот тизимлари, Ягона идентификация тизими (One-ID) интеграция қилинган.

Бунда хизматларни проактив тарзда кўрсатиш тамойилига таянилади. Бу фойдаланувчига зарур интерактив хизматни ўз вақтида таклиф этиш имконини беради.

Шу билан бирга, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик ва йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни кўриш ва тўлаш, солиқ қарзлари, тўланган суғурта бадаллари ва шахсий пенсия жағармаси ҳолати тўғрисидаги маълумотларни олиш каби янги транзакцион хизматлар ҳам жорий қилинган. Булар аҳолига яратилган катта қулайлик бўлиб, вақт, маблағларни тежаш, муҳими замонавий ҳаёт кечириш имконини бермоқда.

Ягона портал орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни баҳолаш тизими – regulation.gov.uz ишга туширилган. Унда 1,5 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилган. Бу шаффоф усул аҳолида катта қизиқиш уйғотиб, қонун лойиҳалари юзасидан фикр-мулоҳаза билдириш жараёни бугунги кунда анча фаоллашди.

Давлат ва хўжалик органларига мурожаат юбориш хизмати оммабоп бўлиб, у орқали 250 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Божхона, солиқ соҳалари билан боғлиқ хизматлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини кўпроқ қизиқтираётир. Бу, аввало, хизматларнинг қулайлиги билан, қолаверса, аҳолида тадбиркорликка қизиқиш йилдан-йилга ўсиб бораётгани билан боғлиқ.

Ички ишлар вазирлигининг “Судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисидаги маълумотномаларни олиш учун электрон ариза юбориш” хизмати ҳам кўпчиликни қизиқтиради.

“Лицензия” ахборот тизимига 150 мингдан зиёд лицензия ва рухсатнома киритилган. Тизим орқали лицензияларни бериш ва рўйхатдан ўтказиш жараёнлари электрон кўринишда таъминланади.

Ягона порталнинг янги талқинида тадбиркорлик, божхона, ижтимоий таъминлаш, лицензиялаш, кўчмас мулк, солиқ, адлия ва бошқа талаб юқори бўлган соҳалар бўйича автоматлаштирилган хизматлар кўрсатилмоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатимиз тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
13 394