ЎзА Ўзбек

31.10.2017 14:24 Чоп этиш версияси

“Ақлли кутубхона”лар тизимини университетда синаб кўриш жараёни давом этмоқда

«Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги,
маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.
Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади».
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 42-модда.

Давлат ва жамият тараққиётида янги ғоя ва ихтироларнинг, интеллектуал мулкнинг аҳамияти беқиёс. Бош қомусимиз ва қонунларимизда интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган.

Яратилган қулай муҳит ва имкониятдан фойдаланган ташаббускор ёшлар томонидан илмий изланишлар, янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Ғуломжон Назаров томонидан яратилган “Ақлли кутубхона” лойиҳаси кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонликни тарғиб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

– Бундай кутубхоналарда фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказишда бутун мамлакатимиз бўйлаб ягона маълумотлар базаси шакллантирилади, – дейди Ғ.Назаров. – Китобхон қайси кутубхонадан рўйхатдан ўтишидан қатъи назар, бошқа кутубхоналардан ҳам бемалол фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун китобхон гувоҳномасида барча керакли маълумотлар сақланган бўлади. "Ақлли кутубхона"лардаги махсус қурилмалар гувоҳномадаги маълумотларни ўқиб, ўз китобхонини таниб олади.

Бундан ташқари, “Ақлли кутубхона”ларда китоб етказиш учун махсус дронлардан фойдаланилади. Уларга берилган маълумотлар орқали тезлик ва юқори аниқлик билан китоб етказиб берилади. “Smart skaner”лар орқали эса китобхон масофадан туриб ягона номдаги китобни нусхалаши, ҳатто ўзига юклаб олиши мумкин. Лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши кутубхоналар ишини осонлаштириши билан бирга китобхонларга маблағ ва вақтни тежашга ҳам ёрдам беради.

Ҳозирги кунда “Ақлли кутубхона”лар тизимини университетда синаб кўриш жараёни давом этмоқда.

Университетнинг яна бир талабаси Мироқил Ёрқулов ҳам янгилик яратишга иштиёқи баланд ёшлардан. У “Қоровул” деб номланган миллий антивирус дастурини яратди. Бу дастур асосан ташқи хотира орқали юқиши мумкин бўлган компьютер вирусларидан ҳимоялаш учун тузилган. М.Ёрқулов шу дастур билан 2013 йилда “BestSoftChallenge-2013” танловида “Компьютер иловалари бўйича энг яхши ишланма” номинациясида биринчи ўринни эгаллаган.

Талаба бўлиш ҳар бир абитуриентнинг энг катта орзуси ва мақсадидир. Давлат тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш ва ҳаққонийлик асосида тест синовларини ўтказиш нафақат билимлиларни саралаб олишга, балки жамиятда демократик тамойилларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Мироқилнинг яна бир лойиҳаси тест жараёнларининг одилона ўтказилишига йўналтирилган. У илмий изланиши давомида давлат тестларини ҳаққоний ўтказишни таъминлашга хизмат қиладиган “TUIT биометрик қабул тизими” дастурини яратди. Бу мослама имтиҳонга кираётган абитуриентлар шахсини аниқлашга ёрдам беради. “TUIT биометрик қабул тизими” дастури биометрик маълумотларни фуқаролик паспортидан RFID чипи орқали ўқиб олади ва бармоқ изи сканери орқали абитуриентнинг ўзи ёки бошқалиги ҳақида текширувни ўтказади. Бу қабул жараёнларида абитуриентлар орасида шаффофликни ва давлат тест синовларига бўлган ишончни янада оширишга хизмат қилади. У яратган мослама жорий йилда ўзи таҳсил олаётган олий таълим даргоҳида бўлиб ўтган давлат тест синовлари жараёнида муваффақиятли синовдан ўтказилди.

– Юртимизда ёшларнинг қизиқиши бўйича касб-ҳунар танлаши, салоҳияти, иқтидорини тўлиқ намоён этиши учун барча имконият яратилган, – дейди Мироқил Ёрқулов. – Президентимиз томонидан ёшларга катта ишонч билдирилмоқда. Бу эса бизга янги куч-ғайрат бағишлаб, катта ютуқларга эришишимизга замин яратади.

Ҳа, мазкур университетда иқтидорли, изланувчан, янгилик яратишга иштиёқи баланд талабалар кўп. Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш ва юзага чиқариш учун барча имконият яратилган. Бу Бош қомусимизда кафолатланган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига, юртимиз тараққиётига хизмат қилмоқда.

Гўзал Сатторова, ЎзА
11 520