ЎзА Ўзбек

18.01.2018 18:44 Чоп этиш версияси

2017 йил охиридаги энг фаол интернет-вирус аниқланди

Компьютер хавфсизлиги соҳасида антивирус дастурий таъминоти ва ечимларини ишлаб чиқувчи халқаро “ESET” компанияси ўтган йилнинг сўнгги ойида мамлакатимиз интернет фойдаланувчилари дуч келган зарарли дастурий таъминот рейтингини тақдим этди.

Компаниядан маълум қилишларича, 2017 йил декабрь ойида “ESET” компанияси томонидан ишлаб чиқилган NOD32 антивирусидан 18 фоиздан ортиқ фойдаланувчининг компьютерини зарарли дастурий таъминот билан зарарлашга уринишлар бўлган. Ўрганишлар асосида Ўзбекистон бўйлаб энг кенг тарқалган ва фаол зарарли дастурий таъминотлар рейтинги тузилди. Унга кўра, глобал ва маҳаллий рейтинг бўйича фойдаланувчининг браузерига унинг рухсатисиз криптовалюта ҳосил қилувчи “JS/CoinMiner” дастури биринчи ўринни эгаллади. Унинг скриптлари зарарли ва зарарланиш эҳтимоли мавжуд сайтларга ўрнашиб олади. Шунингдек, декабрь ойида зарарланган мослама эгаларига талай ноқулайликлар келтириб чиқарадиган “Adware.PBot” реклама дастурий таъминотининг фаоллашуви ҳам кузатилган. Юртимиздаги кўплаб фойдаланувчилар “JS/Redirector” троя дастури томонидан зарарланиш уринишларига дуч келган. Жиноятчилар ундан фойдаланувчиларни зарарли веб-саҳифаларга йўналтиришда фойдаланади.

Жорий йилда зарарланиш эҳтимолидан қутилиб қолиш мақсадида “ESET” компанияси шубҳали сайт ва ҳаволаларга эътибор бермаслик, операцион тизим ва турли дастурий маҳсулотларни мунтазам янгилаб туриш ҳамда шахсий компьютер ва мобиль телефонларини замонавий антивирус ёрдамида ҳимоя қилишни тавсия этади.

Роман Бондарчук, ЎзА
11 605