ЎзА Ўзбек

30.11.2018 21:37 Чоп этиш версияси

“Ўзбектелеком“ интернетнинг ўтказувчанлиги кенгайтирилгани ҳақида маълум қилди

“Ўзбектелеком“ интернетнинг ўтказувчанлиги кенгайтирилгани ҳақида маълум қилди Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан АКТ соҳасида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилишига бағишланган ҳисобот конференциясида шу хақда сўз борди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Ўзбектелеком“ акциядорлик компанияси билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда мамлакатимизда телекоммуникациялар тармоғини ривожлантиришда иштирок этаётган вазирлик ва идоралар, маҳаллий мобиль операторлар ва интернет-провайдерлар, IT-компанияларнинг вакиллари иштирок этди.

Тадбирни очган ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Умаров давлатимиз раҳбарининг интернетдан фойдаланиш нархларини пасайтириш, тармоққа уланиш тезлигини ошириш ва 2020 йилга қадар хизматлар сифатини МДҲ мамлакатлари даражасига етказиш юзасидан берган топшириғининг ижроси тўғрисида маълумот берди.

“Ўзбектелеком“ АК ходимлари томонидан мавжуд инфратузилманинг тизимли таҳлили ўтказилди, сифатли ўзгаришларни амалга ошириш учун тегишли қарорлар қабул қилинди, техник ускуналарни тадрижий янгилаш бўйича батафсил режа ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Биринчи навбатда Халқаро пакетли коммутация маркази мажмуалари модернизация қилинди. Бунинг натижасида унинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 10 баробар, яъни консолидация қилинган трафик бир сонияда 110 гигабитдан 1200 гигабитгача ошди.

Компания интернет хизматларнинг ҳудудий бозорини ривожлантириш мақсадида оператор ва провайдерлар учун интернет-каналга бўлган тариф нархини йил бошидагига нисбатан уч баробарга арзонлаштирди. Бунда, ўтказувчанлик қобилиятини 10 баробарга оширган ҳолда “Ўзбектелеком“ АК оператор ва провайдерларнинг барча талабномаларини чекловларсиз ва тўлиқ ҳажмда қондира олади. Таъкидлаш жоизки, ҳар бир оператор ва провайдер ўз хизматлари учун нархларни мустақил равишда белгилайди. Тезликка келсак, у муайян оператор ёки провайдернинг уланиш технологияси ва тармоқнинг техник имкониятига боғлиқ бўлади.

2018 йил 1 декабрдан “Ўзбектелеком“ АК янги чекловсиз кафолатланган тариф режаларини жорий этмоқда. Ўзбекистонда биринчи бор тезлиги сониясига 2 мегабит бўлган чекловсиз кафолатланган интернетдан фойдаланиш нархи ойига 88 минг сўм этиб белгиланди, бу аввалги айнан шундай тариф режасидан 2 баробар арзон. Бундан ташқари, энди тариф режаларида “...гача“ деган белги йўқ, бу эса танланган тариф режаси бўйича тезлик кафолатланган бўлишини англатади.

Компания IT соҳасини ривожлантириш ва мамлакат ҳудудининг телекоммуникация тармоғи билан қопланишини кенгайтириш ниятида. Масалан, 2025 йилга қадар 220 минг километр оптик кабель ўтказиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, 2019 йилдан компания ADSL тармоқларини ривожлантиришни тўхтатади ҳамда барча кучларини тармоқни FTT технологияси бўйича ривожлантиришга йўналтиради, бу эса интернет хизматларининг сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

“Ўзбектелеком“ АК лойиҳаларининг амалга ошиши қисқа муддатда мамлакатнинг телекоммуникация тармоқларини мисли тармоқлардан оптик тармоқларга ўтказиш имконини беради ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари учун кенг полосали интернетдан фойдаланишни таъминлайди. Ўз навбатида, маълумотлар узатишнинг магистрал ва мультисервис тармоқларининг кенгайтирилиши интернетга уланиш нархини пасайтириш ва уланиш тезлигини ошириш бўйича ишларни давом эттиришга имконият яратади.



Роман Бондарчук, ЎзА
9 824