ЎзА Ўзбек

17.02.2019 11:24 Чоп этиш версияси

​“Job Cafe” мобил иловаси билан меҳнат бозори тартибга солиниши мумкин

​“Job Cafe” мобил иловаси билан меҳнат бозори тартибга солиниши мумкин

Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказининг Тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери бўлимининг етакчи мутахассиси Рустам Иброҳимов “Job Cafe” мобил иловаси лойиҳасини ишлаб чиқди.Илованинг дастлабки синовлари муваффақиятли ўтгандан сўнг, мутахассислар эътиборига ҳавола этилди. Бу ҳақида вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

– Мазкур илова мобил телефони орқали ишлайди, – деди тақдимот маросимида сўзга чиққан илова муаллифи Рустам Иброҳимов. – Унда кунлик иш қидираётган фуқаролар рўйхати шакллантириб борилади. Рўйхатлар иш қидирувчилар ҳамда ҳудудий агентлар, ягона дарча, сall centre операторлари ёрдамида тузилиши назарда тутилган бўлиб, кунлик иш қидираётган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар шаффофлиги таъминланади. Бу ўз навбатида ҳам бир марталик иш берувчиларга, ҳам вақтинча иш қидирувчиларга ҳам қулайлик туғдиради.

Шу билан бир қаторда, лойиҳа иш қидирувчиларга бошқа хизматларни амалга оширишни ҳам назарда тутади. Ҳар уч ойда бир маротаба шифокор кўригидан ўтиш, ҳар бир иш қидирувчига алоҳида ID карта очилиши ёки QR код берилиши, уларнинг ижтимоий муҳофаза қилиниши кабилар шулар жумласидандир. Лойиҳа бир марталик иш қидирувчиларнинг ҳуқуқлари бузилмаслигининг олди олишга, ҳақ-ҳуқуқлари муҳофаза қилинишига хизмат қилади. Хизматчиларнинг бир марталик шартнома билан хизмат кўрсатишлари ишчи ва иш берувчи ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал қилишга асос бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир ишчи/хизматчи учун меҳнат дафтарчасининг очилиши ва фуқароларнинг истагига кўра маълум миқдордаги маблағларнинг тегишли давлат идораларига ўтказилиши кейинчалик уларнинг пенсия таъминотига ижобий таъсир кўрсатишига замин яратади.

Илова муаллифи мазкур лойиҳа ҳозирда мавжуд бўлган ижтимоий тармоқлардаги иш қидириш гуруҳлари, турли сайтлардан фарқи, унинг айнан муайян малакага ва касбий кўникмаларга эга бўлмаган шахслар учун мўлжалланганлигини қайд этди. 

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва бошқа манфаатдор идора ва муассасалар билан ҳамкорликда жорий этилиши кутилмоқда. Айни кунларда мобил иловани такомиллаштириш ва жорий этиш масаласи Инновацион ривожланиш вазирлигининг Жамият қурилишига инновацияларни жорий этиш бўлими билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

ЎзА
21 671