ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Жорий йилда 36 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилади

Жорий йилда 36 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур анжуманда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний имкониятлари чекланган инсонларга зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда спортчиларимизнинг халқаро майдонларда муносиб иштирок этишини таъминлаш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

Аҳолининг барча қатламлари, умумтаълим мактаби ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида жисмоний тарбияни оммалаштириш, улар орасида иқтидорли ёшларни аниқлаш мақсадида “Умумтаълим мактаб спорти” фестивали, “Жисмоний тайёргарлиги ривожланган муассаса” кўрик-танловини босқичма-босқич ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш ва жисмоний тайёргарлик даражаси ривожланган энг яхши умумтаълим мактаби, профессионал ва олий таълим муассасаси номинацияси жорий этилгани ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб спорт соҳасида “Tashkent Marathon” халқаро марафони, “Save Aral” халқаро экомарафони, авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилаётгани, аҳолининг барча қатламлари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” синовларини ўтказиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.

– Иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларни миллий терма жамоаларга жалб этишгача бўлган жараён босқичма-босқич, тизимли амалга оширилиши натижасида 2020 йилда халқаро спорт мусобақаларида миллий терма жамоалар иштироки сони 230 тага ортиши кутилмоқда, – деди жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Нодир Муродов. – Жорий йилда аҳоли ўртасида “Ёшлар ҳафталиги”, “Хотин-қизлар ҳафталиги”, “Маҳалла ва Нуронийлар ҳафталиги”, “Таълим муассасалари ҳафталиги” тадбирларини кўпайтириш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, катта ёшдаги аҳолини ҳам жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этишни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда. Бунда мактабларнинг спорт иншоотларида соат 16:00 дан 21:00 гача, дам олиш кунлари эса эрталабдан кечгача аҳоли, шу жумладан, банд бўлмаган ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун имконият яратилади.

Жорий йилда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳолининг умумий сони 16 фоизни, шу жумладан, 1-чоракда 9,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Ўқувчи-ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароит яратиш мақсадида 9 та шаҳар, 26 та чекка туман, қишлоқларда янгидан 36 та болалар-ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилиб, 540 нафар тренер иш билан таъминланади. Бунинг натижасида бир кунда 30 минг 384 нафар ўқувчи-ёшлар спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб қилинади.

2 755
Ж.ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА