ЎзА Ўзбек

27.01.2019 18:14 Чоп этиш версияси

Жокович еттинчи осмонда, Надаль эса қаримоқда шекилли...

Жокович еттинчи осмонда, Надаль эса қаримоқда шекилли...

Икки ҳафта давомида теннис ишқибозларини ҳаяжонда ушлаб турган “Катта дубулға” туркумига кирувчи йилнинг дастлабки мусобақаси – Австралия очиқ чемпионати ҳам якунига етди.

Мусобақанинг сўнгги кунида эркаклар ўртасидаги яккалик баҳслари ғолиби аниқланди. Ҳал қилувчи баҳсда дунёнинг икки забардаст ракетка усталари – сербиялик Новак Жокович ҳамда испан теннисчиси Рафаэль Надаль тўқнаш келишди. Бунгача улар ўзаро 52 маротаба куч синашишган ва уларда қисман устунлик серб теннисчиси томонида эди: 27-25.

Бироз аввал якунланган жорий йилги Australian Open финалида Новак ўз устунлигини янада мустаҳкамлаб олди. Учрашув кутилмаганда атиги уч сет давом этди ва унда сербиялик теннисчи 6:3, 6:2, 6:3 ҳисоблари билан ғалабага эришди. Шу тариқа Жокович “Катта дубулға” туркумига кирувчи турнирларда қаторасига учинчи бор бош совринга эга чиқди. Бунга қадар у ўтган йилги “Уимблдон” турнири ва АҚШ очиқ чемпионатида ҳам ғалаба қозонган эди.

Жорий йилги ютуқ серб ўғлони учун Мельбурн кортларидаги еттинчи муваффақият сифатида тарихга кирди ва бу рекорд саналади. Бундан аввал у 2008, 2011-2013 ва 2015-2016 йилларда ҳам бош совринга эга чиққанди. Австралия очиқ чемпионатида Новакдан ташқари Рой Эмерсон ҳамда Рожер Федерергина 6 маротаба кубокни боши узра баланд кўтаришган.

31 ёшли дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси бугун “Катта дубулға” турнирларидаги 15-совринини қўлга киритди. Бу билан у афсонавий Пит Сампрасни ортда қолдирган ҳолда Рафаэль Надаль (17 та титул) ҳамда Рожер Федерерлардан (20) кейин учинчи ўринга кўтарилиб олди.

Дарвоқе, бугун Жокович ва Надал “Катта дубулға” туркумига кирувчи турнирларнинг финалларида ўзаро 15-бор рўбарў келишди. Ана шу юбилей тўқнашувда Надаль биронта ҳам сетни ютиб ололмади. Бунақаси испан теннисчиси билан мана шундай нуфузли турнирларда биринчи бор кузатилиши. Афтидан 32 ёшли Рафа учун ракеткасини ғилофига жойлаш онлари яқинлашаётган кўринади.

Отабек Эшмаматов, ЎзА​​
6 209