ЎзА Ўзбек

13.02.2018 18:11 Чоп этиш версияси

Жиззахда 2017 йилда яхши натижаларга эришган 64 нафар спортчи тақдирланди

Жиззахда 2017 йилда яхши натижаларга эришган 64 нафар спортчи тақдирланди 2017 йилда вилоят спортчилари 22 халқаро ва 55 мамлакат миқёсидаги мусобақаларда қатнашган. Уларнинг 16 нафари спорт устаси, 154 нафари спорт усталигига номзод ва 198 нафари 1-даражали спортчи талабларини бажарган. Разрядли спортчилар тайёрлаш бўйича, айниқса, олимпия спорт турлари бўйича шуғулланаётган вилоят спортчиларнинг 58 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзосидир.

Вилоят спортчилари бокс, енгил атлетика, дзюдо, юнон-рум кураши, турон, самбо ва қўл жанги каби спорт турларидан яхши натижага эришмоқда. Жумладан, улар 2017 йилда ўтказилган халқаро мусобақаларда 18 олтин, 12 кумуш, 24 бронза, мамлакат миқёсида 122 олтин, 126 кумуш, 230 бронза медалини қўлга киритган.

1.JPG

Таиландда ўтказилган Осиё чемпионатида Самандар Холмуродов бокс бўйича олтин медалга сазовор бўлди. Спортнинг ушбу тури бўйича Гўзал Исматова, Эъзоза Мелиева, Мафтуна Мелиева ва Азиза Ёқубовалар Бухоро шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда ўз вазн тоифасида ғолиб чиқди. Яна бир боксчи Бобоусмон Ботиров Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом бирдамлиги ўйинлари”да шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Шунингдек, Филиппинда ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида чарм қўлқоп усталари Шохруҳ Алматов олтин ва Комрон Раҳматов бронза медалини қўлга киритди.

Истеъдодли спортчилар етишиб чиқишида вилоятда ўтказилаётган турли оммавий спорт тадбирлари муҳим аҳамият касб этаётир. Хусусан, ўтган йили вилоятда 634 марта оммавий спорт тадбирлари ўтказилган ва уларда 95 мингдан зиёд ёшлар иштирок этган.

6.JPG

– Мамлакатимизда спорт билан шуғулланиш учун яратилган имкониятлар ёшларга ўз истеъдодини намоён этиши, орзуларини рўёбга чиқаришига кенг йўл очиб бермоқда, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, халқаро тоифадаги спорт устаси Ёқутхон Холбекова. – Январь ойида Германияда бўлиб ўтган чанғи бўйича халқаро мусобақада юқори натижага эришиб, шу йилнинг 9-18 март кунлари Жанубий Кореянинг Пхёнчанг шаҳрида ўтказиладиган XII қишки паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритдим. Айни пайтда мазкур мусобақага тайёргарлик кўрмоқдаман.

Устоз ва мураббийларга, мутахассисларга, спорт фахрийлари, ҳомийлар ва жамоат ташкилотлари фаолларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

11.JPG

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Солиев сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
12 186