ЎзА Ўзбек

21.02.2019 Чоп этиш версияси

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Бутунжаҳон таэквондони тарғиб қилиш фонди мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Бутунжаҳон таэквондони тарғиб қилиш фонди мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди

Кеча Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига Бутунжаҳон таэквондони тарғиб қилиш фонди раҳбари Санг Вук Ли бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Учрашувда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, вазирликнинг тегишли бошқармалари бошлиқлари, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси бош котиби Улуғбек Асқаров, вице-президенти Ҳумоюн Ибрагимов ҳамда ассоциациянинг бошқа мутасаддилари иштирок этишди.

Тадбирда таэквондо спортини юртимизда янада оммалаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, спортчиларимизни нуфузли мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.

photo5436117940677224910.jpg

О.Қосимов делегация аъзоларига сўнгги йилларда юртимизда таэквондо спорт турини оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ушбу спорт тури бўйича мавжуд секциялар ва вакилларимиз қўлга киритаётган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Фонд раҳбари Санг Вук Ли ҳам юртимизда таэквондога қаратилаётган эътибордан мамнун эканлигини билдириб, ушбу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Шунингдек, фонд раҳбари Жанубий Кореянинг Мучжу провинциясидаги таэквондо паркида ташкил этиладиган мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларига спортчиларимиз таклиф этилиши ҳамда фонд томонидан юртимизда таэквондони оммалаштиришга ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

2 308
ЎзА