ЎзА Ўзбек

19.05.2020 Чоп этиш версияси

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги махсус ишчи гуруҳи Андижон вилоятида бўлиб турибди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги махсус ишчи гуруҳи Андижон вилоятида бўлиб турибди

Махсус ишчи гуруҳнинг асосий мақсади, вилоятдаги спорт таълим муассасаларининг бугунги аҳволи, замон талабларига мослиги, спортчи ёшларга яратиб берилган имкониятлар ҳамда спорт таълим муассасаларининг ютуқ ва камчиликларини ўрганишдан иборат.

Ишчи гуруҳ дастлаб Хонобод шаҳридаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби ва унга қарашли спорт объектларини кўздан кечирди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 мартдаги 122-сонли қарорига мувофиқ Хонобод шаҳри спортнинг бокс, оғир атлетика ва эркин кураш турларига ихтисослаштирилиши белгилаб қўйилган. Ишчи гуруҳ аъзолари бу борада амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишди.

Бугунги кунда Хонобод туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида 24 нафар тренер фаолият олиб бормоқда. Спорт мактабида 13 та спорт тури бўйича тўгаракларда жами 950 нафар спортчи мунтазам шуғулланиб келишади. Эътиборлиси, шундан 150 нафари бокс тўгараги аъзоларидир.

Ўрганиш давомида спорт мактабидаги футбол майдони талаб даражасида эмаслиги, эркин кураш бўйича спортчиларга яратиб берилган имкониятлар мақтанадиган ҳолатда эмаслиги ва яна бир қатор камчиликлар аниқланиб, уларни зудлик билан бартараф этиш борасида туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлими раҳбарига керакли кўрсатмалар берилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, 2021 йилда Хонобод туманида янги енгил атлетика спорт турига ихтисослаштирилган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг махсус ишчи гуруҳи аъзолари бугуннинг ўзида вилоятнинг Қорасув шаҳрини ҳам ўрганишди. 

Қорасув шаҳар 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби 2016 йилда фойдаланишга топширилган. Бу ерда айни вақтда 812 нафар ёшларга 28 нафар тренер сабоқ бериб келмоқда. Шундан 6 нафари олий маълумотли, яна шунчаси тугалланмаган олий маълумотли, қолганлар эса ўрта-махсус маълумотга эга мутахассислардир. Олий маълумотга эга бўлмаган тренерларни босқичма-босқич ўқитиш ва олий маълумотга эга бўлган мураббийлар сонини ошириш бўйича ҳам топшириқ берилди.

Болалар-ўсмирлар спорт мактабида спортнинг бокс, эркин кураш, белбоғли кураш, стол тенниси, гандбол йўналишлари анча оммалашган. Буни ушбу спорт тўгаракларига аъзо ёшлар кўплигидан ҳам билиб олиш қийин эмас. Биргина эркин кураш спорти билан 150 нафарга яқин ёшлар шуғулланиб келмоқда. Шундан 9 нафари турли ёш тоифаларида республика чемпиони, уч нафари эса Ўзбекистон терма жамоалари аъзоси саналишади. Қолаверса, белбоғли кураш ва бокс бўйича ҳам икки нафар қиз мамлакат ўсмирлар терма жамоасига қабул қилинган.

Болалар-ўсмирлар спорт мактабида битта спорт зал мавжуд бўлиб, аксарият спорт турлари бўйича тўгараклар ўша ерда фаолият олиб боради. Шунингдек, маҳаллий тадбиркор билан келишган ҳолда эркин кураш тури билан шуғулланиш учун ҳам шароитлар яратилган.

Ушбу ўрганишлар натижасига кўра Андижон вилоятида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади ҳамда вилоятда спорт ривожи янги босқичга кўтарилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги 
Матбуот хизмати

3 614
ЎзА