ЎзА Ўзбек

26.06.2020 Чоп этиш версияси

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Норин туманидаги янги бокс зали очилишида қатнашди

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Норин туманидаги янги бокс зали очилишида қатнашди

Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб улғайиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, Наманган вилояти Норин тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби қошида бир академик соатда 20 нафардан зиёд ёшлар машғулот олиб боришлари мумкин бўлган янги бокс зали фойдаланишга топширилди.

Барча шароитларга эга ушбу бокс залининг очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда Норин тумани ҳокими Дилмурод Қодиров иштирок этди.

Умумий қиймати 1 млрд. 200 млн. сўмни ташкил этувчи бу залда ринг ва спортчилар учун махсус тренажёр хонаси мавжуд. Ушбу мўъжазгина бокс залида 4 нафар тренер қўл остида 200 нафарга яқин ёшлар бокснинг сир-асрорларини ўрганиши мумкин.

- Биз Норин туманини спорт соҳасида Республикадаги энг намунали туманга айлантириш лойиҳасини амалга оширмоқдамиз. Ўтган йили тумандаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби қошида кўп тармоқли спорт зали фойдаланишга топширилган эди. Бугун туман ёшлари учун янгидан бунёд этилган замонавий бокс залини топширмоқдамиз. Умид қиламанки, келажакда бошқа спорт турлари қатори норинлик боксчилар ҳам жаҳон ареналарида ёрқин ғалабаларни қўлга киритишади. Бизнинг асосий мақсадимиз, туманда спорт билан мунтазам шуғулланувчи ёшлар сонини босқичма-босқич ошириб бориш. Бунинг натижасида аҳолининг соғлом турмуш даражасини яхшиланишига эришамиз, - деди бокс залининг очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев.






Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

4 702
ЎзА