ЎзА Ўзбек

21.02.2019 Чоп этиш версияси

Жепаров “Металлург” учун Роналдуга айланадими

Жепаров “Металлург” учун Роналдуга айланадими

ёхуд бекободликларнинг жорий йилги мақсади қандай?

Хабар берганимиздек, бугун пойтахтимиздаги собиқ “Бунёдкор” (ҳозирги “Миллий”) стадионида “Металлург” жамоаси футболчиларини таништириш маросими бўлиб ўтди.

Янги мавсум олдидан бекободликлар ўз таркибига дарвозабонлар Александр Лобанов ва Акмал Турсунбоев, ҳимоячилар Камолиддин Тожиев, Шавкат Муллажонов, ярим ҳимоячилар Сервер Жепаров, Музаффар Музаффаров, ҳужумчи Дониёр Усмонов ҳамда россиялик легионер Сергей Тумасянларни қўшиб олишди.

Тадбир аввалида “Металлург”нинг янги футболчиларига клуб либослари топширилди. Унга кўра дарвозабон Александр Лобанов 2019 йилги мавсумда 12-рақамда ҳаракат қиладиган бўлди. Шунингдек, ёш ва умидли дарвозабон Акмал Турсунбоевга 35-рақамли либос берилди. Қолган футболчилар суперлига баҳсларини қуйидаги рақамларда ўтказишади:

Шавкат Муллажонов – 18, Камолиддин Тожиев – 21, Музаффар Музаффаров – 17, Сервер Жепаров – 8, Дониёр Усмонов – 19 ва ниҳоят россиялик легионер Сергей Тумасян – 70.

ALM_7850-2208x1472.JPG

ALM_7853-2208x1472.JPG

ALM_7861-2208x1472.JPG

ALM_7867-2208x1472.JPG

ALM_7902-2208x1472.JPG

ALM_7922-2208x1472.JPG

Таништирув маросими якунлангач “Металлург” клуби бош мураббийи Андрей Шипилов жамоаси мавсумга қандай тайёргарлик кўргани ва жорий йилдаги мақсадлар ҳақида тўхталиб ўтди.

- Жамоамиз янги мавсумга тайёргарлик жараёнини 24 декабрдан бошлаганди. Сўнгги уч кунни ҳисобга олмасак, барча режаларимиз амалга ошди. Тошкентда қор ёққани учун машғулотларни давом эттириш қийин кечмоқда. Туркияда ўтказилган хориж йиғини ҳам жамоа учун фойдали бўлди. Янги мавсум бошланишини сабрсизлик билан кутаяпмиз. Ҳозирча раҳбарият билан учрашганим йўқ. Аммо клуб олдига юқори ўринларни қўлга киритиш вазифа қилиб қўйилишига ишонаман.

Селекция ишларидан кўнглим тўлди. Биз аввало жамоа ўзагини аниқлаб олиш, сўнгра машғулотларни бошлашни кўзлаган эдик. Шу мақсадда 5 январга қадар жамоанинг 90 фоизини аниқлаб олдик.

Интернет сайтларида “Пахтакор” клуби аъзоси Баҳром Абдураҳимовнинг жамоамизга қўшилгани ҳақида хабарлар чиқиб кетди. Аммо бу масала ҳали очиқ турибди. Шуни айтишим мумкин, у ҳозирча бизнинг жамоада эмас.

Менинг фалсафам шундай: жамоамдаги футболчиларнинг барчасида амбиция бўлиши шарт, хоҳ у ёш, хоҳ тажрибали футболчи бўлсин. Шу маънода таркибга жалб этилган барча футболчиларни шахсан танийман ва уларнинг имкониятларини яхши биламан.

Янги мавсумда жамоамиз сардори Акбар Исматуллаев бўлади. У ўтган йили ҳам жамоа сардори эди. Тўғри, ҳозирги таркибимизда тажрибали ўйинчилар кўп, аммо мен шундай қарорга келдим. Агар Исматуллаев майдонда бўлмаса, бу вазифани шу даврада ўтирган исталган футболчи, дейлик Лобанов ҳам бажариши мумкин.

Таркибда ёши катта ўйинчилар кўплигига келсак, ёшлар ҳам кимдандир ўрганиши керак, шундай эмасми? Жамоамиздаги ёшлар ҳам Жепаров, Тожиев, Муллажонов сингари бой тажрибага эга футболчилар билан ёнма-ён ўйнаб ўсишади. Янги мавсумда камида ўтган йилги натижани такрорлаш ёки ундан юқорироқ ўринни эгаллашга ҳаракат қиламиз.

- Сервер Жепаровнинг Бекободга келиши жамоа брендини қанчалик оширади?

- Жепаров сингари футболчининг “Металлург”га келиши ўз майдонимиздаги ўйинларга ташриф буюрадиган мухлисларнинг ортишига хизмат қилади, деб ўйлайман. Ёш авлод Жепаровни жуда яхши танийди, унинг ўйинларини кўришни истайди. Бекобод халқи меҳнаткаш, улар стадионга келиб хордиқ олишлари учун астойдил ҳаракат қиламиз.

“Металлург” ҳам аста-секин ривожланмоқда. Ҳеч нарса бир-икки йил ичида қурилмайди. Масалан, ёшлар жамоамиз 4та ўртоқлик ўйини ўтказди. Рақибларимиз Тожикистон ва Қозоғистон жамоалари бўлишди. Демак, улар халқаро тажриба тўплашди. Энди менга айтинг, қайси жамоа ёшлари хориж клуби билан учрашувларда майдонга тушишди?

- Сизнингча 2019 йилда Суперлига фаворитлари ва кашфиётлари қайси жамоалар бўлади?

- Фаворитлар иккита – бу амалдаги чемпион “Локомотив” ва вице-чемпион “Пахтакор”. Кучли учликка менимча АГМК клуби қўшилса керак. Миржалол Қосимов бой тажрибага эга ва олмалиқликларни юқори ўринлар учун етаклай олади. “Навбаҳор”нинг устун жиҳати – унинг садоқатли мухлислари. Наманганда стадион ҳамиша тўлиб туради ва бундай муҳитда ўйнаш ажойиб. Аутсайдерларни эса айтишни истамайман. Агар у ёки бу жамоа номини тилга олсам, улар кейинчалик бизга қарши кучли иштиёқ билан майдонга тушиб, жамоамизга муаммо туғдириши мумкин.

5 726
Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА