ЎзА Ўзбек

29.07.2019 Чоп этиш версияси

ЖЧ-2022: рақибларимиз Ғарбий Осиё чемпионатида қатнашади

ЖЧ-2022: рақибларимиз Ғарбий Осиё чемпионатида қатнашади

Эртага Ироқда футбол бўйича IX Ғарбий Осиё чемпионати старт олади.

Ушбу турнирнинг биз учун аҳамиятли жиҳати, унда Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2022 саралаш босқичидаги рақиблари – Саудия Арабистони, Яман ва Фаластин иштирок этади.

Саралаш баҳслари бошланишига бир ойдан кўпроқ вақт қолди. Шуни инобатга олсак, Ғарбий Осиё чемпионати бўлажак рақибларимизнинг кучига тўғри баҳо бериш учун қулай имконият саналади.

Афсуски, Ироқда ўтказиладиган мусобақага Саудия Арабистони термаси ўзининг энг кучли таркибини олиб келолмайди. Чунки август ойида Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқич ўйинлари ўтказилади. Унда Саудия Арабистонининг бирйўла 4та клуби курашни давом эттирмоқда. Қолаверса, Фаластин ҳам Ғарбий Осиё чемпионатига ўзининг оптимал таркиби билан келмайди, чунки турнир ФИФА кунларига тўғри келмаганлиги боис Фаластин ҳам легионер футболчилари хизматидан фойдалана олмайди. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу мусобақа Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз мураббийлар штабига бўлажак рақиблари ҳақида қандайдир маълумотлар олишда қўл келади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаш баҳсларининг 1-турини меҳмонда Фаластинга қарши ўтказади. Ҳозирча ушбу ўйин қаерда ўтказилишига ойдинлик киритилмаган.

6 912
ЎзА