ЎзА Ўзбек

12.07.2020 Чоп этиш версияси

Жасур Яхшибоев Беларус футболи тарихини ўзгартирди

Жасур Яхшибоев Беларус футболи тарихини ўзгартирди

Беларус чемпионати пешқадами – Солигорскнинг «Шахтёр» жамоасида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи Жасур Яхшибоев тўпурарлик маҳоратини намойиш қилишда давом этмоқда.

Трансфер ҳуқуқи «Пахтакор»га тегишли бўлган Жасур мавсумнинг биринчи ярмини «Энергетик-БГУ» жамоасида ўтказиб, юқори савияли футболчи эканини исботлай олди. У Минск шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган жамоа таркибида 14 ўйинда 9 гол урган эди.

Биринчи давра якунига етгач Жасурга Беларус чемпионатининг номдор жамоалари – БАТE, «Динамо» ва «Шахтёр» қизиқиш билдирди. Футболчимиз эса чемпионлик учун курашадиган жамоага ўтиб, келажакда Европа чемпионлар лигасида ўйнаш мақсадида «Шахтёр» таклифини қабул қилди.

Жасур янги жамоасидаги фаолиятини ҳам муваффақиятли бошлади. Аслида ярим ҳимоячи бўлган ҳамюртимиз илк учрашувда гол урди. Аниқроғи, иккинчи бўлимда майдонга тушган Жасурга Солигорскда дебют голини киритиш учун ярим соатдан сал кўпроқ вақт кифоя қилди. «Городея» дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг 4:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаган Ж.Яхшибоев илк учрашувдаёқ «Шахтёр»нинг танлови тўғри бўлганини исботлади ва жамоа мухлисларининг ҳурматини қозонди.

Беларус чемпионатининг дастлабки туридан энг яхши футболчи номини ўзида сақлаб турган Ж.Яхшибоев тўпурарлар баҳсида якка пешқадамга айланди. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилда 15 учрашувда 10 гол уриш Беларус футбол клублари ҳужумчисининг ҳеч бирига насиб қилмаган.

6 639
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА