ЎзА Ўзбек

15.10.2015 16:20 Чоп этиш версияси

Жаҳоной жаҳон чемпиони

Латвиянинг Рига шаҳрида 8-12 октябрь кунлари ўтказилган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги самбо бўйича жаҳон чемпионатида Пастдарғом политехника коллежи ўқувчиси, Самарқанд олий спорт маҳорати мактаби тарбияланувчиси Жаҳоной Туркманова ўз вазн тоифасида барча рақибаларини енгиб, олтин медални қўлга киритди.

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг соғлом ва баркамол улғайиши, замонавий таълим-тарбия олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда айниқса, фарзандларимизнинг болалигидан спорт билан шуғулланиши учун кенг имконият ва шароитлар яратилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида уч босқичли спорт ўйинлари йўлга қўйилгани, 2002 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани, айниқса алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бунинг самарасида юртимизда спорт билан шуғулланувчи ёшлар сафи йил сайин кенгайиб, йигит-қизларимиз халқаро спорт мусобақалари, нуфузли турнирларда юқори натижаларни қайд этмоқда.

Пастдарғом тумани Жума шаҳрида туғилиб ўсган Жаҳоной 9 ёшидан буён спорт билан мунтазам шуғулланиб келади.

– Тенгдошларига нисбатан жуссаси кичик бўлса-да, чаққон ва эпчил ҳаракатлари, тиришқоқ ваинтилувчанлиги билан Жаҳоной дастлабки машқлардаёқ кўпчиликнинг эътиборини тортган, – дейди мураббия Хуршида Холиқова. – Чунки, бундай хусусиятлар самбо билан шуғулланувчи спортчи учун асосий талаблардир. Шунинг учун машғулотлар давомида унга аниқ кўрсатмалар бериб, ҳар бир мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдик.

Жаҳоной мураббийларнинг ишончини оқлади. У дастлабки турнирлардаёқ муваффақият қозониб, вилоят ва мамлакат биринчиликлари ғолиби бўлди. Бир неча бор мамлакат чемпионлигига эришди. Осиё чемпионатида икки марта олтин медални қўлга киритди. Ўтган йили Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланди. Бу йил – 18 ёшида жаҳон чемпиони бўлди. Эътиборлиси, у мамлакатимиз самбочи қизлари орасида биринчи жаҳон чемпионидир.

Жаҳон чемпионатида ўзбек ёшларининг нималарга қодирлигини намоён этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган чемпион қиз Самарқанд темирйўл вокзалида тантанали кутиб олинди. Вилоят ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тадбирда юртимизда спортни ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор самараси Жаҳоной сингари юзлаб спортчиларимиз эришаётган муваффақиятларда ўз ифодасини топаётгани таъкидланди. Жаҳоной ва унинг ота-онаси, мураббийларига вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

– Мен мустақиллик фарзандиман – 1997 йилнинг 1 сентябрида туғилганман, – дейди самбо бўйича жаҳон чемпиони Жаҳоной Туркманова. – Болалигимдан ана шу ғурур ва ифтихорни ҳис қилган ҳолда ўқияпман, спорт билан шуғулланяпман. Лекин бу фахрнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бор. Ҳар сафар халқаро турнирларда Ўзбекистонимиз байроғи акс этган либосни кийиб гиламга чиқар эканман, буни янада яққол ҳис қиламан. Бу ғайратимни оширади, кучимга куч қўшади. Биз эришаётган ютуқлар Президентимиз раҳнамолигида яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар самарасидир.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
5 507