ЎзА Ўзбек

28.01.2019 Чоп этиш версияси

Жаҳон юлдузи Роберто Карлос Тошкентда

Жаҳон юлдузи Роберто Карлос Тошкентда

Бразилиялик жаҳон чемпиони пойтахтимиздаги бир кунлик ташрифи давомида бир қатор дастурларда иштирок этишга улгурмоқда

Жаҳон футболи юлдузи Роберто Карлос Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропортида катта тантана билан кутиб олинди. Мезбонлар томонидан унинг бир кунлик ташрифи давомида бир қатор тадбирларда иштирок этиш дастури ишлаб чиқилганди. Табиийки, дастурлар зич эди. 

Roberto-Karlos (13).jpg

“Реал“ клубининг собиқ аъзоси дастлаб Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти билан учрашди. Унга ўзбекона урф-одатимизга кўра миллий тўн ва дўппи совға қилинди. ЎФА мутасаддилари ва меҳмонлар ўртасида бўлиб ўтган қисқа, лекин мазмунли суҳбатдан сўнг бразилиялик юлдуз ЎФАнинг сунъий майдонида ёш футболчилар учун мастер-класс ўтказди. У Тошкент шаҳар ва вилояти атрофидан келган болажонлар учун маҳорат дарсларини намойиш қилди. Ёш болажонлар жаҳон юлдузи билан бир майдонда тўп суриш имкониятига эга бўлганликларидан шод эдилар.Ҳаммадан ҳам, футбол юлдузи қўлидан махсус совғаларни қабул қилиш Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби бўлган болажонлар ва бошқа футбол мактаблари тарбияланувчилари учун унутилмас воқеликка айланган бўлса не ажаб. 

Roberto-Karlos (1).jpg

Мастер-класс намойиши ёш футболчилардан сўнг катталар орасига кўчди. Футзал учун барпо этилган кичик майдонда Роберто Карлос ўзбек футболи ва футзали юлдузлари билан бирга тўп сурганини кузатиш ёқимли эди, албатта. Майдонда футболимизнинг яқин ўтмишдаги етакчилари, эндиликда эса фахрийлар қаторида ёшларга ўз тажрибаларини ўргатаётган Азамат Абдураимов, Шуҳрат Мақсудов, Виктор Карпенко, Зайниддин Тожиев, Элдор Магдеев, Баҳодир Аҳмедов, Рустам Умаров, Александр Хвостунов, Алексей Рошчин каби футболчилар саф тортишди. Карлос “Пахтакор“ ва Ўзбекистон терма жамоасининг фахрийларидан иборат жамоалар таркибида бир бўлимдан ҳаракат қилди ва табиийки, битта гол уришга улгурди ҳам. Учрашув Ўзбекистон терма жамоаси фахрийларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. 

Roberto-Karlos (2).jpg

Жаҳон футболи юлдузининг Тошкентдаги ташрифи бўйича дастурлар давом этади. Дастурга мувофиқ Роберто Карлос А.П.Хлебушкина номидаги Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, у ердаги тарбияланувчилар билан учрашади ва уларга ҳам совғалар тақдим қилади. Соат 16:00да эса Миллий олимпия қўмитасида Роберто Карлос билан матбуот анжумани ташкил этилади. 

Roberto-Karlos (3).jpg

Маълумот учун:

Роберто Карлос - 1973 йилнинг 10 апрелида Сан-Паулу штатининг Гарса шаҳрида, камбағал оиласида дунёга келган. Уч опадан кейин туғилган ягона ўғилга ота ҳавас билан қўшиқчи Роберто Карлос Брагининг исмини қўяди. Роберто уч ёшлигиданоқ футболга меҳр қўяди, тўп тепишга қизиқади. Саккиз ёшга етганида эса ўзидан катталарга қўшилган ҳолда отаси бошқарган ҳаваскор жамоанинг вакилига айланади. 

Roberto-Karlos (5).jpg

1981 йили Карлослар оиласи Гарсадан Кордейрополис шаҳрига кўчиб ўтади. Роберто шу ерда илк бор мактабга қатнай бошлайди. 12 ёшга тўлганида мактаб ва футболдан ташқари маҳаллий тўқимачилик заводига ишга киради. Шу ерда ишлаш билан бирга заводнинг “Атлетико Жувентус” жамоасида тўп суради. Бу ҳолат икки ярим йил давом этади. 1987 йилнинг июнь ойи. Завод ишчиларидан иборат футбол жамоасининг ўйинидан бирини “Униан Сан-Жуан” селекционер мураббийи Адаилтон Ладейра кузатади ва истеъдодли футболчига кўзи тушади. Кўп ўтмай “скаут” Робертони ўзи билан профессионал клубга олиб бориб, кўрикдан ўтказиш учун унинг ота-онаси ва ташкилот раҳбарларини кўндиради. Шу тариқа 1988 йили у илк бор “Униан Сан-Жуан” клуби кўригидан ўтади ва профессионал фаолиятини бошлайди...

Roberto-Karlos (6).jpg

Ўйнаган клублари:
“Палмейрас” 1993-1995
“Интернациональ” 1995-1996
“Реал” Мадрид 1996-2007
“Фенербахче” 2007-2010
“Коринтианс” 2010-2011
“Анжи” 2011-2012
“Дели Дайнамос” 2015

Roberto-Karlos (7).jpg

Эришган муваффақиятлари:

Клубларда:

Бразилия чемпиони (2): 1993, 1994
Рио-Сан-Паулу турнири ғолиби: 1993
Сан-Паулу штати чемпиони (2): 1993, 1994

Испания чемпион (4): 1997, 2001, 2003, 2007
Испания Суперкубоги соҳиби (3): 1997, 2001, 2003
УЕФА Чемпионлар лигаси ғолиби (3): 1998, 2000, 2002
УЕФА Суперкубоги соҳиби: 2002
Қитъалараро Кубок соҳиби (2): 1998, 2002
Туркия Суперкубоги соҳиби (2): 2007, 2009

Roberto-Karlos (8).jpg

Терма жамоада:
Жаҳон чемпиони: 2002

Америка кубоги соҳиби (2): 1997, 1999
Конфедерация Кубоги соҳиби: 1997
Жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби: 1998
Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳиби: 1996

Roberto-Karlos (9).jpg

Шахсий ютуқлари:

УЕФА талқини бўйича Европанинг энг яхши ҳимоячиси (2): 2001/02, 2002/03
“France Football” талқини бўйича Европанинг энг яхши иккинчи футболчиси: 2002
ФИФА талқини бўйича Жаҳоннинг энг яхши иккинчи футболчиси: 1997
Италия чемпионатининг энг яхши ҳимоячиси: 1996
Бразилия чемпионатининг энг яхши ҳимоячиси: 2010
Бразилиянинг “Кумуш тўп” соҳиби (3): 1993, 1994, 2010
УЕФАнинг рамзий терма жамоаси аъзоси (2): 2002, 2003
Бразилия рамзий терма жамоаси аъзоси: 2010
ФИФАнинг энг яхши 100лик рўйхати вакили
Туркиянинг энг яхши мураббийи: 2013/14
World Soccer талқини бўйича ХХ асрнинг энг буюклари рўйхати аъзоси.

Roberto-Karlos (10).jpg

Roberto-Karlos (11).jpg

Roberto-Karlos (12).jpg

4 420
Ойбек Юнусов, Муҳаммад Амин (сурат).​ ЎзА