ЎзА Ўзбек

02.10.2018 Чоп этиш версияси

Жаҳон кубогида ракетамоделчиларимиз ​биринчи ўринни қўлга киритди​

Жаҳон кубогида ракетамоделчиларимиз ​биринчи ўринни қўлга киритди​
Шу йил сентябрь ойининг учинчи ўн кунлигида Қозоғистон Республикасининг Байканур шаҳрида спортнинг техник ва амалий турларига кирувчи “Ракетамодел” спорти бўйича Жаҳон Кубоги мусобақаси ўтказилди.

Дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган энг сара спортчилар баҳс олиб борган мазкур нуфузли мусобақа мамлакатимиз делегацияси учун ғоят муваффақиятли кечди. Халқаро турнирда ўзининг энг сўнгги моделдаги инвентарлари билан муносиб тарзда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон Кубогида умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

3.jpg

Ушбу салмоқли ютуқларга Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари – мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши спорт секцияси аъзолари катта ҳисса қўшганлигини таъкидлаш жоиз. Унда Нажмиддин Зайлиддинов 2 та олтинга сазовор бўлиб, ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилди. Нуриддин Зайлиддинов эса мусобақанинг 2 та бронза медали билан тақдирланиб, терма жамоамиз ғазнасини совринларга бойитди.

2.jpg

Таъкидлаш жоиз, бундай ютуқлар замирида Аҳмаджон Аълохўжаев раҳбарлик қилаётган мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти Кенгаши ҳамда унинг тасарруфидаги ҳудудий кенгашлар, ўқув-спорт техника клублари томонидан спортнинг техник-амалий турларини кенг оммалаштириш ва ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида олиб борилаётган изчил меҳнатлар мужассамдир.

3 847
Оқилхон Дадабоев, ЎзА