ЎзА Ўзбек

04.10.2019 Чоп этиш версияси

Жаҳон чемпионига янги хонадон совға қилинди

Жаҳон чемпионига янги хонадон совға қилинди

Бокс бўйича жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалиловга вилоят ҳокимлиги томонидан Фарғона шаҳар марказидан янги хонадон совға қилинди.

Мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ва яратилаётган шароитлар туфайли спортчиларимиз томонидан улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 6-22 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида дунёнинг 80 га яқин мамлакатлари ўртасида бокс бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида миллий терма жамоамиз биринчи ўринни қўлга киритгани муҳим воқеа бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси сафидан Фарғона вилоятининг Қува туманида таваллуд топган Миразизбек Мирзахалиловнинг ҳам жой олгани бугун барча фарғоналикларни беҳад қувонтирди. Чемпионатнинг 57 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилган Миразизбек Мирзахалилов финал учрашувида уч карра жаҳон чемпиони ва Олимпиада ўйинлари совриндори кубалик рақибини мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 сентябрдаги фармони билан Миразизбек Мирзахалилов ҳам “Ўзбекистон ифтихори” унвони билан тақдирланди.

photo5240400021915020614.jpg

Жаҳон чемпионига Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан янги бунёд этилган кўп қаватли уйдан барча шароитларга эга хонадоннинг калити топширилди. 

–Халқнинг олқишида, Президентимизнинг эътирофида бўлиш жуда катта бахт экан, – дейди М. Мирзахалилов. – Янги хонадон берилишини ҳеч кутмагандим. Янги уйда замонавий мебел жиҳозларидан бошлаб, теливизор, холодильник, қўйингки, ҳамма нарса бор. Албатта биз спортчиларга билдирилаётган ишонч ҳамда кўрсатилаётган эътибор янада куч-қувват бағишлайди. Ниятимиз – Ўзбекистон байроғини жаҳон ареналарида доимо баланд кўтаришдир.

7 131
М. СУЛАЙМОНОВ, М. ҚОДИРОВ, ЎзА