ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Жаҳон чемпионатида самбочиларимиз 27 медалга сазовор бўлди

Жаҳон чемпионатида самбочиларимиз 27 медалга сазовор бўлди

Пойтахтимиздаги "Saxovat servis sport" спорт мажмуасида самбо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати якунланди.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз самбо ассоциацияси ва бир қатор ташкилотлар томонидан ташкиллаштирилган мазкур чемпионатда дунёнинг 50 га яқин давлатидан 500 га яқин самбочи 40 вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашди.

Жаҳон чемпионатида спортчиларимиз 4 олтин, 8 кумуш ва 15 бронза медални қўлга киритди. Умумжамоа ҳисобида ўсмир йигитлар ва қизлар терма жамоамиз россиялик самбочилардан кейин иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, 20 ёшгача бўлган қизлар терма жамоамиз кучли учликдан жой олди.

Ёшлар ўртасида ўтган чемпионатнинг вазни 40 килограммгача бўлган самбочилар баҳсида ҳамюртимиз Муниса Эшқулова барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритди. Ушбу ёш тоифасида қатнашган Бақожон Ашуров 75 килограммгача вазнда терма жамоамизга навбатдаги олтин медални келтирди. Шунингдек, Умида Жуманиёзова ҳамда Суҳроб Ражабов ўз ёш ва вазн тоифаларида жаҳон чемпионига айланди.

– Жаҳон чемпионати юқори савияда ташкиллаштирилганига гувоҳ бўлдим, – дейди Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков. – Ўзбекистон бундан ҳам катта мусобақалар ўтказишга тайёр. Мазкур спорт турининг юртингиздаги келажаги порлоқ. 

3 024
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА