ЎзА Ўзбек

23.07.2018 18:50 Чоп этиш версияси

Жаҳон чемпионати чорак финал иштирокчиси Ғанишер Холмуродов қаерда?

Жаҳон чемпионати чорак финал иштирокчиси Ғанишер Холмуродов қаерда?
2011 йили ўсмирлар терма жамоамизнинг Мексикада ўтган жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар етиб бориб, дунё футбол оммасининг эътиборига тушган даврни ҳали ҳеч ким унутганича йўқ.

Терма жамоамиз дарвозасини қўриқлаган Ғанишер Холмуродовнинг маҳорати ва шижоатига ҳамма тан берганди ўшанда. Лекин маълум вақт ўтгач, Ғанишер футбол оламида кўринмай қолди. Ваҳоланки, унинг футболдаги келажагига кўпчилик умид қилганди, миллий термамизга ворис етишиб чиқаётганлигидан мамнун эди.

2010 йили 16 ёшлилар ўртасида Осиё чемпионатининг финал босқичи Тошкентда ташкил этилди. Александр Евстафеев устозлигидаги термамиз мусобақанинг финал босқичида ҳакамларнинг қўпол хатолари эвазига КХДР термасига мағлуб бўлса-да, жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал этиб бўлганди.

432560_680.jpg

Орадан бир йил ўтиб, ўсмирларимиз Мексикага сафар этишди. Ўз гуруҳларида АҚШ (2:1), Чехия (2:1) термаларини енгиб, фақат Янги Зеландияга (1:4) имкониятни бой берсалар-да, гуруҳ ғолиби сифатида нимчорак финалга чиқишди. Бу босқичда Австралия термаси ҳам ўзбекистонликлар олдида “ип эшолмади” – йирик ҳисобда мағлубиятга учради (0:4). Чорак финалда эса ёш футболчиларимизга уругвайликлар рақиблик қилишди.Афсуски, бу ўйинда омад Уругвай термасига насиб этди (0:2). Ўз ватанларига қайтган ўсмирларимиз иззат-икром билан кутиб олинган, ҳар бирлари автомобил совғалари билан тақдирланган эди. 

Қаҳрамонимиз Ғанишер Холмуродов ҳам барча футболчилар каби обрў-ҳурматга эга бўлди. “Машъал” футболи тарбияланувчиси Ғанишер жаҳон чемпионатидан кейин ҳам фаолиятини шу жамоада давом эттирди. 2013 йилнинг иккинчи даврасидан “Металлург” клубига ижарага берилди, 2015 йилги мавсумни эса мамлакат биринчилиги иштирокчиси “Аланга” жамоасида ўтказгач, ҳарбий хизматга кетди. Қайтди, фақат футболга эмас, бошқа соҳага...

5e8f35cd-8cfd-49c5-a1f8-da479e74a43f.jpg

Хабарингиз бор, Қарши шаҳрида пляж футболи бўйича Ўзбекистон Кубоги мусобақаси ўтказилди. Шу ерда Ғанишер Холмуродовни учратдик. У вилоят давлат хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат “Адолат” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган эди. Турган гапки, унга берган биринчи ва сўнгги саволимиз шундай бўлди: “Футболни нега ташладингиз?”

Унинг жавоби ҳам қисқа ва тушунарли бўлди: “Машъал”да камол топдим, обрў орттирдим. Барча футболчилар каби омадимни бошқа, кучлироқ клубларда синаб кўрмоқчи бўлдим. Лекин клуб менга рухсат бермади. Охир-оқибат касбимни ўзгартиришни ихтиёр этдим. Тўғри, касбим ўзгарди, лекин, мана кўриб турибсиз, футболни тарк этганим йўқ, ҳамон майдондаман”.

О.Юнусов, ЎзА
5 323