Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.04.2018 08:39 Чоп этиш версияси

“Жаҳон чемпионати – 2018” муҳокамаси

“Жаҳон чемпионати – 2018” муҳокамаси Дани Карвахал, Хуанфран, Серҳи Роберто, Сезар Азпиликуета, Эктор Белерин, Начо Фернандес, Алеш Видал, Алваро Ордиосола... бу футболчиларни танимайдиган футбол мухлиси бўлмаса керак. Уларнинг кўплари ўз клубида асосий таркибда (Начо ва Видал мустасно) майдонга тушади.

Хўш, уларни боғлаб турган нарса нима дейсизми? Иккита жиҳат: бири ўнг қанот ҳимояси, иккинчиси Испания терма жамоаси. Ха, бу йил бош мураббий Хулен Лопетегига жуда қийин бўлади. Чунки терма жамоага номзодлар шунчалик кўпки, улардан энг муносибларини танлаш осон кечмайди.

Барчамизга маълумки, “Жаҳон чемпионати – 2018” бошланишига ҳам икки ойдан кўпроқ вақт қолди. Табиийки, мундиалдан олдин мухлислар энг кўп муҳокама қиладиган мавзу фаворитлар, ярим финалга кимлар чиқиши-ю, ғолибликка қайси терманинг имконияти кўплиги. Футболни озми-кўпми тушунганлар, биринчи навбатда, терма жамоалар таркиблари муҳокамаси билан шуғулланадилар, ўзларича асосий ўн битталикни тузган бўладилар, захира масаласи ҳам эсдан чиқмайди.

Айнан мураббийларда асосий таркиб учун вариантларнинг кўплиги муваффақият калитларидан бири десак, муболаға бўлмайди. Чунки замонавий футболда бутун бир катта турнирларни юқори темпда ўтказиш, ғолиблик учун курашиш учун катта захира ҳам керак бўлади. Зеро жароҳатлар, дисквалипикациялар, юқори жисмоний тайёргарлик, кучни тўғри тақсимлаш масаласи футболнинг ажралмас қисмига айланиб улгурдики, совринларни кўзлаган ҳар қандай мутахассиснинг буларни ҳисобга олмасдан иложи йўқ. Мазкур масалаларни ижобий ҳал этиш учун эса мураббийда танлаш имконияти кўп бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам суперклублар ҳозирги кунда захира ўриндиғига жуда катта эътибор бермоқдалар. Бирор жамоада кучли ўн битталик бўлиши мумкин, аммо узоқ ва оғир мавсумда кимдир сафдан чиқса, у ёғига ишлар тескарисига қараб кетиши ҳеч гап эмас. Ҳамма чизиқлари мукаммал бўлган, уларга муносиб ўринбосарлар мавжуд клублар ва терма жамоаларгина чемпионлик ҳақида бемалол ўйлай олишади.

f-2.jpg

Мана шундай терма жамоалардан бири, шубҳасиз, Испаниядир. “Қизил фурия”ни "ЖЧ-2018"нинг асосий фаворитларидан бири десак бўлади. Кўп йиллик футбол анъаналари, юқори тактик ўйин услуби, кучли мураббий ва, албатта, деярли бир хил икки таркибни фикримизга мисол қилиб келтирсак бўлади. Балки учта ҳам чиқиб қолар. Лопетеги бошлиқ термада битта чизиқда 3-4 ва ҳатто юқорида таъкидлаганимиздек, 7-8 нафар номзодга дуч келамиз. Уларнинг даражаси ҳам бир-биридан унчалик катта фарқ қилмайди.

Дарвозабонлар: Давид де-Хеа (МЮ), Кепа Аррисобалага (Атлетик), Пепе Рейна (Наполи), Серҳиё Рико (Севилья). Бу баҳсда, шубҳасиз, де-Хеанинг имкониати юқори.

Марказий ҳимоя: Херарт Пике (Барселона), Серҳиё Рамос, Начо Фернандес (универсал ҳимоячи бўлиб, аслида ўнг қанотда ҳаракат қилади) (РМ), Марк Бартра (Бетис), Хави Мартинес (Бавария), Иньиго Мартинес (Атлетик). Мазкур позицияга терма жамоада дўст, клубларида эса ашаддий рақиб ҳисобланмиш Пике ва Рамос жуфтлиги асосий номзод.

f-3.jpg

Чап қанот ҳимояси: Хорди Алба (Барселона), Маркос Алонсо (Челси), Начо Монреал (Арсенал). Бу масалада Албадан ўтадигани бўлмаса керак.

Майдон маркази ва ҳужум орти билан боғлиқ футболчилар: Андреас Инеста, Серҳиё Бускетс (Барселона), Коке, Саул Нигес (Атлетико Мадрид), Тияго Алкантара (Бавария), Давид Силва (Манчестр Сити), Иско Аларкон (РМ), Хуан Мата, Андер Эррера (МЮ), Сеск Фабрегас (Челси). Мана шу масалада мураббийга қийин бўлади. Чунки савияси бир-бирига яқин бўлган футболчилар сероб. Ҳар ҳолда, Иско, Давид Силва, Инеста, Бускетс, Кокеларнинг имконияти нисбатан юқорироқ.

Ўнг қанот ҳужумкор ярим ҳимоя: Лукас Васкес (РМ), Жерар Делафеу (Барселона), Сусо (Милан), Витоло (Атлетико). Испания терма жамоаси кўп ҳам қанотларга урғу беравермаслигидан хабарингиз бўлса керак. Шу сабабли бу футболчилар ҳар доим ҳам асосий таркибга танланавермайдилар.

Чап қанот ҳужумкор ярим ҳимоя: Марко Асенсио (РМ), Денис Суарес (Барселона), Педро Родригес (Челси). Бу нуқтада ҳам рақобат катта. Чунки Асенсио баъзи ўйинларда ўнг қанотга (Аргентина билан), айримларида эса ҳужумчи ортида (Исроил билан), ва баъзан ўзининг севимли чап қанотига (Италия ва Россия билан) қўйилмоқда. Мураббий бу позицияга (айниқса ўртоқлик учрашувларида) Иско, Давид Силва, Педро, Родриго каби шогирдларини ҳам синаб кўрмоқда.

Ҳужум чизиғи: Алваро Мората (Челси), Диего Коста (Атлетико), Родриго (Валенция), Яго Аспас (Селта-Виго), Давид Виля (Ню-Ёрк Сити) ва Нолито (Севилья) Бу масалада ҳам испан мураббийлари баъзида кутилмаган қарорлар қабул қилиб туришади. Яъни ўйинни номинал ҳужумчисиз бошлашади. Олдинги чизиққа эса ҳужумкор ярим ҳимоячилар, масалан, Иско, Асенцио, Давид Силвалар чиқарилади.

Ўнг қанот ҳимояси ҳақида эса мақоламиз бошида тўхталиб ўтдик. Бу позицияда ҳаракат қилувчи ҳар бир испан ҳимоячиси, айниқса, Алба, Карвахал, Белерин, Алеш Видал кабилар бемалол қанотга ўтиб ҳужумларни ташкил этишда шерикларига яқиндан ёрдам бера оладилар. Серҳи Роберто эса охирги пайтларда туппа-тузук қанот ярим ҳимоячисига айланди-қўйди. Бир сўз билан айтганда, терма жамоанинг аксарият вакиллари бир нечта чизиқда бемалол ҳаракат қила олишади. Биргина Начо Фернандеснинг ўзи ўтган йили “Реал Мадрид” сафида фақат дарвозани қўриқламади, холос, десак муболаға қилмаган бўламиз.

f-4.jpg

Хулоса ўрнида: баъзилар ўтган мундиалдаги муваффақиятсиз иштирокларидан сўнг испанларнинг тактикалари ўрганиб чиқилди, уларга бу сафар ҳам қийин бўлади, дейишмоқда. Балки бир томондан улар ҳақдир. Лекин "ЖЧ-2018" саралаш босқичидаги, шунингдек ўртоқлик учрашувларидаги чиройли ўйинлари билан Хулен Лопетеги шу нарсани кўрсатдики, испанча “тики-така” ўйин услуби анча такомиллашган ва ҳужумларнинг хилма-хиллиги ошиб бормоқда. Лопетегининг қандай мутахассислигини эса биз яқинлашиб келаётган мундиалда билиб оламиз. Таркиб унча-мунча гранд терма жамоалар ҳавас қиладиган даражада. Барча гап мураббий ва унинг тактик чизмаларига боғлиқ бўлади.

Ойбек Ҳайдаров

ЎзА
6 576