ЎзА Ўзбек

09.11.2018 10:27 Чоп этиш версияси

Жўраевга медаль учун атиги бир кило етмади

Жўраевга медаль учун атиги бир кило етмади

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати давом этаётганидан хабарингиз бор.

Кеча бўлиб ўтган -102 кг. вазн тоифасида терма жамоамиз аъзоси Акбар Жўраев даст кўтариш баҳсларида 180 кг. тош кўтарди ва ёшлар ўртасидаги жаҳон рекордини янгилади.

Бироқ, силтаб кўтаришда ҳамюртимиз совринли ўринлардан четда қолди ва мусобақани 4-ўринда якунлади. Жўраев ушбу йўналишда учала уринишни ҳам муваффақиятли якунлади. У дастлаб 200 кило, кейин 207 кило ва ниҳоят ҳал қилувчи уринишда 212 кило тошни ўзига бўйсундирди. Лекин бу натижа атлетимизга ҳеч бўлмаганда бронза медалини ҳам тақдим этмади. Боиси, силтаб кўтариш баҳсларида эронлик Али Ҳошимий ва Украина терма жамоаси аъзоси Дмитро Чумаклар бир хил – 217 кило, яна бир эронлик атлет Ризо Байралванд 218 кило натижани қайд этишди ва совринли ўринлар айнан улар ўртасида тақсимланди.

Иккикураш натижасига кўра Ҳошимий 396 (даст кўтаришда 179, силтаб кўтаришда 217) кило кўрсаткич билан олтин медалга сазовор бўлди. Чумак (176-217) ҳамда Байралвандлар эса (175-218) бир хил – 393 кило натижа қайд этишди. Фақат украиналик спортчи вазн борасида рақибидан бироз енгиллиги боис кумуш медалга эга чиқди. Акбар Жўраев эса иккикурашда 392 (180-212) кило натижа билан юқорида санаб ўтилган спортчилардан кейинги поғонани банд этди.

Бугун жаҳон чемпионати доирасида эркаклар -109 кг., аёллар эса -87 кг. вазн тоифасида супачага чиқишади. Эркаклар ўртасидаги беллашувларда юртимиз шарафини жаҳон чемпиони, Осиё ва Олимпия ўйинлари ғолиби Руслан Нурудинов ҳимоя қилади. Биз атлетимиздан яна бир бор ёрқин ғалаба кутиб қоламиз.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
2 080