ЎзА Ўзбек

01.09.2018 21:09 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларидаги яққол рекорди

Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларидаги яққол рекорди
Индонезияда ўтаётган Осиё ўйинларининг ўн тўртинчи кунида спортчиларимиз томонидан 6 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медал, Осиё ўйинларининг яққол рекорди бу. 

Бугун — асосий мусобақалар якунланадиган 1 сентябрь куни ўзбекистонлик 28 нафар спортчи яккалик ва жамоа ҳолда бешта спорт тури бўйича баҳс олиб боришди. Эътиборли жиҳати, 1 сентябрда қўлга киритилган медаллар Осиё ўйинлари бошлангандан буён кунига медаллар билан таъминланиб келинган ўзбекистонлик спорт делегациясининг энг кўп эришган ютуқлари сифатида тарихга кирди. Кечадан аввал ўзбекистонлик спортчилар иштирок этган барча Осиё ўйинларидаги олтин медаллар рекорди такрорланган бўлса, кеча сифат эмас, сон бўйича насиб этган барча медаллар миқдорини забт этдик ва бу борада рекордни янгиладик. Бугун эса барча жабҳаларда Осиё ўйинларидаги иштирокимиз бўйича рекордларни янгилаб бўлдик. Бунда турган гапки, боксчиларимизнинг ҳиссаси катта эканлиги бор гап.

Кунги мусобақаларни ҳар доимгидек байдаркачиларимиз бошлаб беришди ва бирин-кетин медалларга сазовор бўлишди. 200 метр масофага ўтказилган баҳсларда ҳамюртимиз Дилноза Раҳматова маррага учинчи бўлиб етиб борди ва бронза медали билан тақдирланди. Бу ўйинларда бош соврин хитойлик, кумуш медаллар эса майдон эгаларига насиб этди.

b535f34c-f29c-4172-9aef-d434c79c68cd.jpg

Ҳудди шу масофага жуфтликлар ўртасида ўтказилган баҳсларда терма жамоамиз аъзолари Артур Гулиев ва Элёржон Мамадалиев жуфтлиги маррага иккинчи бўлиб етиб келишди ва кумуш медалга сазовор бўлишди. Улар таъқибда хитойлик рақибаларидан атиги 0,14 сонияга ортда қолишди.

Екатерина Шубина ва Юлия Борзова жуфтлиги ҳам 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда хитойлик рақибларидан бирозга ортда қолишди ва кумуш медаль билан тақдирланишди. 

Наталья Казанцева, Юлия Борзова, Екатерина Шубина, Ксения Кочнева тўртлиги 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда маррага учинчи бўлиб етиб боришди ва бронза медалига сазовор бўлишди.

Яккалик баҳсида 200 метр масофага старга чиққан Ольга Умаралиеванинг эса омади келмади.

Триатлон бўйича финал баҳсларида қатнашган икки вакилимизнинг натижаси ҳам кўнгилдагидек бўлмади. Қизиқарли кечган баҳсларда вакилларимизда Александр Куришев 13-ўринни банд этган бўлса, Жавоҳир Юнусов афсуски, ўз иштирокини якунлай олмади. 

Бугун дзюдочиларимизнинг ҳам куни эмас экан. Тўғри, вакилларимиз баҳсларни мезбонларга қарши бошлаб, ғалаба қозонишди, афсуски, жамоавий баҳсларнинг ярим финалида Ўзбекистон терма жамоаси қозоғистонлик рақибларга мағлуб бўлди. Шунда ҳам бронза медали учун курашишга имкон бор эди, бироқ полвонларимиз бронза медали учун ўтказилган жангда Жанубий Корея терма жамоасига мағлуб бўлишди.

Ўзбекистонлик спорт делегациясининг медалларни ҳали давом эттиришларига ишончлари комил эди. Буни боксчиларимиз амалга ошириши ҳеч кимда шубҳа қолдирмаганди. Сабаби, Осиё ўйинларига ташриф буюрган етти нафар боксчимизнинг бари финал баҳсларига етиб келишганди. Бугун ҳам етти нафаридан тенг ярмидан кўпи олтин медалли бўлишини ўзбекистонликлар эмас, балки бутун қитъа спорт мухлислари башорат қилган бўлса не ажаб.

Хуллас, дастлабки баҳсда, қачонки бокс терма жамоамизнинг етакчиларидан бири, Олимпия ўйинлари ғолиби Ҳасанбой Дўсматов рақибига ютқазиб қўйганда ҳам бошқаларга нисбатан ишонч ва умидларимиз сўнмади. 49 кг вазнда рингга чиққан Ҳасанбой ҳиндистонлик рақиби, Осиё чемпионати совриндори Амит Пангалга кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Ваҳоланки, Ҳасанбой бу рақибини аввал Осиё ва жаҳон чемпионатида икки маротаба мағлуб этганди. Бу гал эса унинг омади келмади. Мазкур мағлубиятдан кейин Дўсматовда кутилмаганда ўз вазнини ўзгартириш фикри пайдо бўлди. У бундан кейинги мусобақаларда 52 кг вазнда рингга чиқишни режалаштира бошлади.

52 кг вазнда жанг олиб борган Жасурбек Латипов филиппинлик рақиби Роген Ладонга ҳеч қандай имкон қолдирмади. Сабаби, беллашувнинг иккинчи раундида филиппинлик боксчининг жароҳати сабаб ҳакамлар жангни тўхтатишди. Ҳамюртимиз очколар ҳисобига кўра Осиё ўйинлари ғолибига айланди.
 
56 кг вазнда шимолий кореялик Хё Нам Жога қарши жанг қилган Миразиз Мирзаҳалилов аввалига рақибини нокдаун ҳолатига туширди, кейин эса иккинчи раундда уни нокаутга учратди ва мусобақанинг олтин медалини қўлга киритди.
 
Навбатдаги жанг ҳам бизга фақат кумуш медаль тақдим этди. 60 кг вазнда мўғулистонлик Тсендбаатар Ерденебатга қарши жанг олиб борган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори Шунқор Абдурасулов деярли тенг курашлар остида ўтган баҳсда ютуқни рақибига бериб қўйди ва кумуш медаль билан кифояланди.
 
Навбатдаги учта жангнинг бари ҳамюртларимизнинг соф ғалабалри билан якун топди: Иқболжон Холдоров (64 кг) мўғулистонлик Чинзориг Баатарсухни, Бобоусмон Батуров (69 кг) қозоғистонлик Асланбек Шимбергеновни, Исроил Мадримов (75 кг) эса яна бир қозоғистонлик Абилхан Аманкулни мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди ва Ўзбекистон делегациясининг олтин медаллар захирасини бойитишди. Қизиғи, сўнгги жангдаги жангчилар ўз давлатининг байроқдори бўлишганди, якунда эса Исроил байроқни бежиз кўтармаганини исботлади.

Боксчиларимизнинг ушбу муваффақвиятларида мураббийлар Марат Қурбонов, Тўлқин Қиличев ва Раҳматжон Рўзиохуновнинг хизматлари катта эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Куннинг хушхабарлари шу билан чегараланмади, самбочиларимиз ҳам ўзларининг нималарга қодир эканликларини исботлашдилар. 90 кг вазнда гиламга чиққан Камолиддин Холмаматов финалда тожикистонлик Умид Ҳасанбековга қарши жанг қилди ва соф ғалабага эришди. Бу спортчиларимизнинг ушбу Осиё ўйинларидаги 21 олтин медали эди. Нилуфар Давлетова (68 кг) эса финалда қозоғистонлик рақибга қарши жанг қилди ва якунда кумуш медалли бўлди.

Бугун медаллар учун курашга киришган спортчиларимизни айни пайтда ҳам Индонезияда бўлиб турган футбол бўйича терма жамоамиз аъзолари қўллаб-қувватлаб туришганини қайд этиш жоиз. Футбол билан боғлиқ яна бир гап – куннинг сўнгги спорт ўйинлари сифатида футбол бўйича Жанубий Корея ва Япония олимпия терма жамоалари ўртасида ўтказилган финал учрашувини айнан ўзбекистонлик ҳакам бошқарди. Азиз Асимов бош ҳакамлик, Руслан Серазетдинов қанот ҳаками бўлган ўйинда қўшимча бўлимларда Жанубий Корея терма жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Осиё ўйинлари ғолиби бўлди. Эсингизда бўлса, 1994 йилги Осиё ўйинларида айнан Жанубий Кореяни ярим финалда мағлуб этган Ўзбекистон терма жамоаси якунда мусобақа ғолиби бўлганди. Бу гал эса айнан кореяликлар олимпиячиларимизни чорак финалда тўхтатиб қолдилар ва охир-оқибат мусобақа чемпиони бўлишди.

Бир сўз билан айтганда, Индонезиядаги қитъанинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этиб, шода-шода медалларни қўлга киритаётган спортчиларимиз Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги нишонлаётган дамларда ватандошларига чинакам байрам совғасини туҳфа этишди, этишмоқда.

Осиё ўйинлари тугашига бир кун қолган бир пайтда Ўзбекистон спорт делегацияси 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза, жами 70 та медаль билан умумий ҳисобда бешинчи ўринда бормоқда. Турнир жадвалини ҳар доимгидек хитойликлар бошқаришяпти. Уларнинг ҳисобида шу кунгача 127 та олтин, 88 та кумуш ва 64 та бронза, жами 279 та медаль жамланди. Иккинчи ўринда бораётган Японияда 71 та олтин, 53 та кумуш ва 74 та бронза, жами 198 та медаль, учинчи ўриндаги Жанубий Корея термасида 48 та олтин, 56 та кумуш, 66 та бронза, жами 170 та медаль бор. Биздан бир поғона юқорида эса мусобақа мезбонлари индонезияликлар жой олиб туришибди. Уларнинг ихтиёрида 98 та медаль (31-23-43) мавжуд.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон (14-16-43) термаси тўққизинчи, Қирғизистон (2-6-12) йигирма иккинчи, Тожикистон (0-4-3) ўттизинчи ва Туркманистон спорт делегацияси (0-1-2) ўттиз иккинчи ўринда бормоқда.0714d80c-559e-4443-a3bd-f98be5ba1042.jpg

Ойбек Юнусов, ЎзА
7 556